Ишга қабул қилишда судланганлик "справка"сини сўраш бекор қилинади

  • 25 июль 2019, 09:35
  • 922
  • Жамият
  • Ишга қабул қилишда судланганлик "справка"сини сўраш бекор қилинади
    Давлат хизматлари агентлиги ишга қабул қилишда судланганлик ҳақидаги маълумотнома тақдим этилишидан бутунлай воз кечиш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Zed News ахборот каналига маълум қилган.

    Яъни, барча иш берувчилар интеграцияланган платформа орқали маълумотномаларни ўзлари сўраб оладилар. Ушбу қулайлик судланганлик ҳақида маълумотлар базаси тўлиқ рақамлаштирилгандан сўнг жорий этилади.

    Бугун каналга Давлат хизматлари маркази орқали ана шундай маълумотнома нархи 40 минг сўмгача чиққани ҳақида мақола чиққан. Давлат хизматлари агентлиги бунга дарров ўз позициясини билдирган.

    ДХА хабарига кўра, илгари судланганлик ҳақида маълумотнома фақат вилоятлар ИИБда ва Ички ишлар вазирлигининг ахборот маркази томонидан тақдим этилган. Натижада фуқаролар маълумотномани олиш учун узоқ туманлардан вилоят марказига ёки Тошкент шаҳрига камида икки маротаба (биринчи мурожаат қилиш учун, иккинчи — тайёр ҳужжатни олиш учун) қатнашларига мажбур бўлишган.

    Бундан ташқари, камида 10-15 кун, айрим ҳолларда эса, ойлаб кутишга мажбур бўлишган.

    Яна бир муҳим жиҳати, аксарият ҳолларда ушбу ҳужжатнинг Ички ишлар вазирлигининг ахборот маркази томонидан тасдиқланган варианти талаб қилинган. Оқибатда фуқаролар узоқ вилоятлардан биргина маълумотнома учун Тошкент шаҳрига қатнашга мажбур бўлишган.

    Энди эса Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги 797-сон қарори билан тасдиқланган Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан, мазкур ҳужжатни барча фуқаролар ўз яшаш манзилидаги тегишли Давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин.

    Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Яъни ҳозирча 20 273 сўм, августдан 22 300 сўм бўлади.

    Маълумотнома Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинган кундан бошлаб, 2 иш кунидан кечиктирмасдан (одатда, эртасигаёқ) берилмоқда.

    » » Ишга қабул қилишда судланганлик "справка"сини сўраш бекор қилинади