14:10 / 25.10.2019
2 880

Ўзбекистон кам таъминланганлик даражасини қисқартиришга қарор қилди

Ўзбекистон кам таъминланганлик даражасини қисқартиришга қарор қилди
Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси муҳокама учун эълон қилинди.
Концепцияда истиқболда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган потенциал хавф-хатар ва таҳдидлар таҳлил қилинган. Хавф-хатарларни таҳлил қилишнинг асосий хулосалари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши ишлаб чиқариш омиллари самарадорлигини оширишга, шу жумладан, инсон капиталини жамлаш ва ривожлантиришга қатъий талаблар қўядиган глобал бозорларда рақобатнинг кучайиши билан бирга кечади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда меҳнат ресурслари тез ўсиши шароитларида бандликни таъминлаш муаммоси янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишни талаб қилади. Айни вақтда асосий тармоқларнинг технологик базаси қолоқлиги, экспортнинг хомашёвий йўналтирилганлиги ва ялпи қўшилган қийматда қишлоқ хўжалигининг юқори улуши, хуфиёна иқтисодиёт кўлами юқорилиги, меҳнат унумдорлигининг пастлиги, энергия ва ресурслар сарфининг юқорилиги билан тавсифланадиган мамлакат иқтисодиётининг мавжуд тузилмавий деформацияси мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг узоқ муддатли хусусиятини тақозо этади.

Учинчидан, бозор иқтисодиёти амал қилишини таъминлашнинг самарали воситаларини жорий этиш, шу жумладан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва ер муносабатларини тартибга солиш, давлат органлари иши самарадорлигини ошириш, коррупцияга барҳам бериш ва молия бозори ривожланишини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш амалга оширилади.

Тўртинчидан, мамлакат иқтисодиёти инсон капиталининг сифати юқори эмаслиги, яратилган даромадлар тақсимланишидаги тенгсизлик, заиф ижтимоий ҳимоя ва илмий-техник салоҳият, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш ва уларнинг камайиши билан бирга кечаётган инклюзивликнинг паст даражаси билан тавсифланади.

Бешинчидан, мавжуд муаммолар таълим тизимининг зарур моддий-техника базасини таъминлашдаги камчиликлар билан биргаликда тайёрланаётган кадрларнинг даражаси пастлигида ва ҳар хил ихтисосликдаги кадрларга талабнинг ҳудудий мувозанатли эмаслигида ўз аксини топмоқда. Илмий муассасалар билан иқтисодиётнинг реал сектори ўртасидаги ўзаро алоқанинг заифлиги инновацияларни жорий этиш ва янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятларига тўсқинлик қилмоқда.

Мамлакатнинг айрим минтақаларида мутахассислар, айниқса врачлар ва ўқитувчилар етишмаслиги кузатилмоқда, бу таълим муассасалари битирувчилари бошқа мутахассислик бўйича ишга жойлаштирилишига олиб келади. Айни вақтда иш кучи таклифининг юқори даражаси меҳнат ресурслари ортиқча бўлган минтақаларда ишсизликнинг ўсишида акс этади, норасмий бандликнинг юқори улуши эса (40%) мамлакат Давлат бюджетига салбий таъсир кўрсатади.

Олтинчидан, глобал иқтисодий таҳдидлар ва индустрлаштиришнинг ўсиши, атмосферага чиқариб ташланадиган ташламаларнинг кўпайиши, табиий хомашёнинг янги конлари ўзлаштирилиши натижасида нохуш узоқ муддатли иқлим ўзгаришлари, шунингдек, табиий муҳит ва сув ресурсларининг камайиши (шу жумладан, экин майдонларининг қисқариши ва ер майдонлари унумдорлигининг тушиб кетиши) иқлим ўзгаришларининг нохуш тренди намоён бўлишида акс этади. Бу касалликлар даражаси ўсишига, сув таъминотига ва умуман Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Концепция 2030 йилгача бўлган даврда белгиланган Ўзбекистон Республикасини Барқарор ривожлантириш мақсадлари принциплари ва вазифаларига, айнан қуйидагиларга жавоб беради:

Кам таъминланганлик даражасини ҳамма жойда қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини юритиш, барчани қамраб оладиган сифатли таълимни таъминлаш, бутун умр давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш, гендер тенглик вазифаларини ҳал этиш.

Сув ресурсларини сақлаш ва оқилона фойдаланиш, санитарияни ривожлантириш, барча учун қиммат бўлмаган, ишончли, барқарор ва замонавий энергия манбаларидан фойдаланишни таъминлаш.

Унумли бандликни таъминлаш, пухта инфратузилмани яратиш кенг қамровли ва барқарор индустрлаштириш ва инновацияларга кўмаклашиш асосида барқарор ва умум қамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашиш.

Шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги, гавжумлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг оқилона моделларига ўтиш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашишнинг шошилинч чораларини кўриш.

Концепция иқтисодий сиёсатни амалга ошириш йўналишлари бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикасини ўртача ва узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мақсадлари, устуворликлари ва вазифаларини белгилайди ва асослайди.

Бунда, мақсадлар сифатида Концепцияда жадал ва барқарор ўсиш шароитларида республика ҳар бир фуқаросининг соғлом ва самарали ҳаётини таъминлайдиган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, ер, сув ва энергетика ресурсларидан уларни келажак авлоднинг фойдаланиши учун сақлаб қолган ҳолда самарали фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, Орол денгизининг экологик инқирози оқибатларини бартараф этиш, атроф муҳитни яхшилаш кўриб чиқилади.

Прогнозлар бўйича 2030 йилга бориб реал ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини 2,1 баравар ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ўсишини хорижий валютада 3 баравар ёки 2018 йилдаги 1533 АҚШ долларига нисбатан 4538 АҚШ долларигача таъминлаш кўриб чиқилади. Қўйилган мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатларини 6,4 фоиздан паст бўлмаган даражада қўллаб-қувватлаш зарур бўлади.

2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг эришилган қиймати Ўзбекистонга даромадлар даражаси ўртадан юқори бўлган жаҳон мамлакатлари гуруҳига кириш, меҳнат бозорида кескинлик даражасини пасайтириш, аҳоли даромадлари ўсишини ва кам таъминланганликни икки баравар қисқартириш имконини беради.

Ишлаб чиқариш реал ҳажмлари ўсишини 2,3 баравар (ялпи ички маҳсулот улушини 2018 йилдаги 26,3 фоиздан 2030 йилда 33,3 фоизгача кўпайтириш) қурилиш ишларини 2,1 баравар (5,7 фоиздан 6,4 фоизга ва хизматлар соҳасини 2,1 баравар кўпайтириш (35,6 фоиздан 39,3 фоизгача) таъминлаш ва тегишли равишда қишлоқ хўжалиги улушини 1,8 баравар пасайтириш (32,4 фоиздан 21 фоизгача) 2018-2030 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсишининг асосий омиллари ҳисобланади.

Иқтисодиёт ишлаб чиқариш салоҳиятининг ўсиши экспорт ҳажмлари 3 баравар кўпайишини таъминлайди. Иқтисодий ўсишни таъминлаш учун капитал қўйилмалар ҳажмларини – 3,1 баравар, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни – 7,0 баравар кўпайтириш талаб этилади.

Бунда қуйидагилар мақсадларга эришишда бош омиллар сифатида қаралади:

1. Меҳнат ресурсларини аниқ мақсадни кўзлаб тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқиш ва инсон капиталини кучайтириш, иқтисодий ўсишнинг ресурсларидан самарали фойдаланиш воситасида демографик омил ўсишини самарали иқтисодий ўсишга трансформация қилиш.

Ҳозирги вақтда мамлакатнинг меҳнат ресурслари бутун аҳолининг қарийб 56,7 фоизини ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 200-250 минг киши киради. Аҳолининг ёш таркиби (меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизи) юқори меҳнат фаоллиги ва катта мослашувчанлик билан фарқланиб турадиган меҳнат салоҳиятини шакллантириш имконини беради.

2. Минтақаларнинг моддий-техник ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, сермаҳсул иш ўринлари ташкил этилишини ва маҳаллий аҳоли даромадлари ошишини таъминлайдиган инфратузилмавий, ишлаб чиқариш ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий ресурслар ва имкониятларни жадал сафарбар қилиш йўли билан минтақавий омилдан самарали фойдаланиш. Бунда саноат ишлаб чиқаришларини самарали ривожлантириш ва жойлаштириш ҳамда хусусий ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш учун иқтисодий ва ихтисослаштирилган зоналар, тармоқ кластерлари, кичик саноат зоналари, инновацион марказлар, технопаркларнинг афзалликлари ва устунлигидан фойдаланишга алоҳида аҳамият берилади.

3. Жалб этиладиган инвестициялар ҳажмлари ўсиши концепциясидан улардан самарали фойдаланиш концепциясига тизимли ўтиш орқали иқтисодий ўсишни ва таркибий қайта ўзгартиришларни таъминлашда аниқ мақсадга йўналтирилган инвестиция сиёсатини амалга ошириш. Табиий-хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергиянинг тикланадиган манбаларини ва юқори қўшилган қийматли тармоқларни ривожлантириш бунга кўмаклашади, бу атроф муҳитга ташланмалар чиқариб ташланишини пасайтириш, экотизимларнинг сақланиши ва тикланишини таъминлаш имконини беради.

Концепция амалга оширилиши узоқ муддатли даврнинг турли босқичларида қуйидаги натижаларни таъминлайди:

Биринчи босқичда (2019-2021 йиллар) макроиқтисодий барқарорлик бозор муносабатларининг институционал базасини яратиш, реал секторнинг тармоқлари ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, инсон капиталини яхшилаш ва аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар амалга оширилиши орқали иқтисодиётнинг янги шарт-шароитларга ва бозор механизмларига мослашиши юз беради.

Ушбу босқичда коррупцияни чеклаш ва хуфиёна иқтисодиёт даражасини пасайтириш, товар ва молия бозорларини ривожлантириш ҳамда адолатли рақобат шарт-шароитларини шакллантириш, экологик ва ресурсларни тежайдиган стандартларни жорий этиш қисми бўйича давлат институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш вазифаларини ҳал этиш муҳим ўрин тутади.

Иккинчи босқичда (2022-2025 йиллар) қайта ишловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, фойдаланаётган ресурслар самарадорлигини ошириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга йўналтирилган янги бозор ва ишлаб чиқариш тузилмаларини шакллантириш ҳисобига иқтисодиёт тармоқларида сифатли тузилмавий ўзгаришларга эришилади.

Ушбу босқичда самарали бандликни кенгайтиришда ва бошқа ижтимоий муаммоларни ҳал этишда унинг улушини кўпайтириш йўли билан иқтисодий ўсиш суръати жиддий равишда ошади. Институтлар салоҳияти мустаҳкамланишига қараб таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифати ошади, кичик бизнесни индустрлаштириш ва янги саноат сиёсатига ўтиш учун шарт-шароитлар яратилади, йирик давлат хўжалик бирлашмаларида менежмент сифатининг ошиши уларнинг қўшилган қийматни яратишнинг глобал занжирига киришини таъминлайди.

Учинчи босқичда (2026-2030 йиллар) экспортга йўналтирилган иқтисодиёт табиатдан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш соҳасига анъанавий бўлмаган ресурсларни ва энергия манбаларини жалб этиш ҳамда инсон капиталини сифатлироқ ривожлантириш ҳисобга олинган ҳолда иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик ривожлантириш негизида жадал суръатларда ривожлантирилади.

Концепциянинг ҳар бир босқичида стратегик устуворликларнинг олдинга қўйилган вазифалар билан боғлиқлигини таъминлашга йўналтирилган тизимли ижтимоий-иқтисодий сиёсат амалга оширилади. Бу уларнинг келишилганлигини таъминлайди. Ўз навбатида ҳар бир босқичда ҳал этиладиган вазифалар иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларини ва мамлакат ҳудудларини ривожлантиришга тегишли бошқарув қарорлари қабул қилишнинг сифатлироқ даражасида аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши билан мустаҳкамланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон кам таъминланганлик даражасини қисқартиришга қарор қилди