Қорақалпоғистонда саксовул ўғрилари экология ва ИИБ ходимларига ҳужум қилди

  • 11 декабрь 2019, 17:25
  • 1 352
  • Жамият
  • Қорақалпоғистонда саксовул ўғрилари экология ва ИИБ ходимларига ҳужум қилди
    Фото: ЎзА
    Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани «Қойбақ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида саксовул ўғрилари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекторлари ҳамда ички ишлар ходимларига ҳужум қилди, деб хабар беради ЎзА.

    Саксовул ўғрилари Беруний тумани фуқаролари эканлиги айтилмоқда. Лекин ҳозирча расмий маълумот йўқ. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати мазкур ҳодиса ҳақида батафсил маълумот кейинроқ берилишини таъкидлади.

    «Биз навбатдаги рейдга 5 киши бўлиб чиққан эдик. Ички ишлар бўлимидан ҳам 2 нафар ходим бор эди. Саксовул ортилган иккита УАЗ автомашинасининг изига тушдик. Автомашиналарни тўхтатиш бўйича белги бердик, лекин улар бўйсунмай қочди.

    Таъкидланишича, автомашиналарга давлат рақамлари тақилмаган бўлган. Уларни тўхтатиш учун қисқа йўлдан юриб, олдини тўсмоқчи бўлишганида улар машинага келиб урилган. Сўнг икки машинадан 8 нафар одам чиқиб, инспекторларга ташланган. Натижада қонунбузарлар воқеа жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган», — дейди Қораўзак тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси 1-даражали инспектори Баҳрам Сапаев

    Исми-шарифи айтилишини истамаган яна бир инспектор бу каби ҳолатлар кўп содир бўлаётганини маълум қилган.

    «Ҳозир ноқонуний саксовул қўпорувчиларни ҳамма жойда учратиш мумкин. Уларни тўхтатиб бўлмаяпти. Биз рейдга чиқадиган бўлсак, транспортга сарф-харажатни ўз ёнимиздан тўлаймиз. Транспорт етишмайди. Қўмита бизларга ҳаттоки махсус кийим ҳам бергани йўқ. ‘Формани ўзларингиз тиктириб олинғ, деган оғзаки топшириқ келди. Лекин битта комплект кийимни олиш учун камида 600 минг сўм пул кетади. Яъни маошимизнинг ярми кетиб қолади. Яна ҳар рейдга чиққанда ҳамёнимиздан 300 минг сўм харажат қиламиз», — дейди инспектор.

    Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълумот беришича, янги йилдан бошлаб инспекторлар транспорт ва махсус кийимлар билан таъминланади.

    Қораўзак тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Қуат Тажимуратовнинг сўзларига кўра 8 декабрь куни соат 02:30 лар атрофида «Қойбақ» ОФЙ ҳудудида давлат белгиси 95 948 АА бўлган саксовул ортган УАЗ автомобили тўхтатилган. Беруний тумани «Шимом» ОФЙ фуқаролари бўлган Ж.М. ва Қ.А. томонидан табиатга келтирилган зарарнинг умумий баҳоси 5 миллион 600 минг сўм деб топилган.

    Ноқонуний олиб кетилаётган саксовуллар хайрия мақсадида Қораўзак тумани «Маденият» ОФЙ ҳудудидаги газ етиб бормаган 11-сонли мактабгача таълим ташкилотига топширилган.

    » » Қорақалпоғистонда саксовул ўғрилари экология ва ИИБ ходимларига ҳужум қилди