Икки ўсмирни ваҳшийларча калтаклаган шахслар фуқаролар ёрдамида топилди

  • 14 декабрь 2019, 13:16
  • 1 757
  • Жамият
  • Икки ўсмирни ваҳшийларча калтаклаган шахслар фуқаролар ёрдамида топилди
    Куни кеча ижтимоий тармоқларда икки ўсмир ваҳшийларча калтаклангани тасвирланган видео тарқалган эди. Шундан сўнг ИИВ ахборот хизмати ушбу жиноятни амалга оширган шахслар фуқаролар ёрдамида топишда ёрдам сўради.

    «Ҳурматли юртдошлар, ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахслар томонидан икки нафар ўсмирни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларнинг танасининг турли жойларига қўл билан уриб оёқлари билан тепаётгани тасвирланган видеолар кенг тарқалмоқда.

    Ўрганишлар натижасига кўра бугунги кунга қадар Ички ишлар органлари Навбатчилик қисмларига видеода тасвирланган ҳолатлар юзасидан хеч ким мурожаат қилмагани маълум бўлди.

    Айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида, Сиздан видеода тасвирланган ҳолат юзасидан асосли маълумотга эга бўлсангиз, телеграм орқали @muloqot_maydoni манзили ёки 71 231 34 28 рақами орқали ҳабардор қилишингизни сўраймиз.

    Ҳабар берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дея мурожаат қилинган эди ИИВ томонидан.

    Ахборот хизмати томонидан хабар қилинишича, олиб борилган текширувлар давомида муштумзўрларнинг шахсига аниқлик киритилди.

    Видеода тасвирланган ҳолатлар 2018 йил март ойининг бошларида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Оҳангарон кўчаси, 2/5 даҳа қаршисида жойлашган 72-сонли автокорхонанинг орқа томонида бўлиб ўтгани, унда 2001 йилда туғилган С.П. уч нафар тенгдошлари билан танишлари Ш.Ф. ва Ш.Т. ларни илгари юзага келган келишмовчилик сабабли уриб тепганликлари, кейинчалик мазкур ҳолат маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда икки томоннинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилингани, келишмовчиликка барҳам берилгани, ҳолат иштирокчиларининг бир-бирларига нисбатан даъвоси йўқлиги аниқланди.

    Фуқаро С.П. билан сухбатлашилганда, мазкур видео қайси йўл билан тарқалиб кетганини билмаслигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, ушбу ҳолат юртдошларимиз орасида шов-шувга ва уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганлиги учун кечирим сўраган.

    Шу ўринда, ҳолатга ойдинлик киритишда кўмаклашган ва юртдошларимиз тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти номидан ахборот хизмати миннатдорчилик билдирди.

    » » Икки ўсмирни ваҳшийларча калтаклаган шахслар фуқаролар ёрдамида топилди