20:39 / 21.12.2019
3 277

Гиёҳвандлик воситаларини ташиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди

Гиёҳвандлик воситаларини ташиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматининг хабар беришича, қўмитанинг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона мажмуаси ва Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси фош этилди.

Хусусан, “Тошкент” халқаро аэропортида хорижий давлатга парвози олдидан 4 нафар хорижий давлат фуқаролари – М.Т., С.М., Я.А. ва Н.Н.лар божхона назоратидан ўтиши чоғида уларнинг хатти-ҳаракатлари ва безовталаниши божхона ходимлари эътиборини тортган. Аввалига уларнинг қўл юклари ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилган. Кейин эса божхона постига ўрнатилган инсон тана аъзоларини сканерловчи “Body scanning” қурилмаси орқали текширилганда бу йўловчиларнинг йўғон ичак каналларида ёт жисмлар борлиги маълум бўлган.

Бу шахслар белгиланган тартибда пойтахтдаги Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келиниб, шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилганида 4 нафар йўловчининг ички аъзоларига махсус ўрамлар яширилганлиги аниқланиб, чиқариб олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, 4 нафар наркокурьернинг ички аъзоларида жами 268 та ўрам ичида умумий вазни 4 кг 152,52 гр ни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланган.

Яна бир тезкор тадбирда Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ҳам бир наркокурьер қўлга олинган. М.М. исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Шунингдек, божхоначилар “Тошкент” халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.ни ҳам текширишганида унинг ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситаси яширилгани маълум бўлган. Шундан сўнг унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги, хорижий давлат фуқароси Қ.Р. ҳам ушланган.

Божхона ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг 739 гр дан ортиқ бўлган героин ва опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьер ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқароси қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатларнинг барчаси юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гиёҳвандлик воситаларини ташиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олинди