Шавкат Мирзиёев: «Олдинги парламентнинг камчилиги – унда иқтисодчилар кам эди»

  • 21 январь 2020, 15:50
  • 403
  • Жамият
  • Шавкат Мирзиёев: «Олдинги парламентнинг камчилиги – унда иқтисодчилар кам эди»
    Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг биринчи қўшма мажлисидаги нутқида халқаро молия муассасалари билан ҳамкорлик масаласига тўхталди.

    Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки каби ташкилотлардан кўпроқ молиявий кўмак олиш учун мамлакатдаги коррупцияга қарши самарали курашиш керак.

    «Улар битта нарсадан қўрқаяпти – коррупция давом этадими-йўқми, адолат бўладими-йўқми, инвестицияга кафолат бўладими-йўқми. Мана шулардан қўрқишяпти», – деган Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри.

    Президент Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик алоқалари бир неча йил тўхтаб қолганини ҳам эслаб ўтди.

    «ЕТТБ билан ҳамкорлигимиз 20 йилга яқин вақт давомида тўхтаб қолганди. Бу танаффус вақтида қўшниларимиз миллиард-миллиард пул олди. Янги шартнома ва дастурлар ҳисобига, 2019 йилнинг ўзида 500 миллион доллардан кўп маблағни ўзлаштирдик. Буни иқтисодиётни тушунган одам тушунади», – деди Мирзиёев.

    Шавкат Мирзиёев янги таркибдаги Олий Мажлиснинг асосий ютуқларидан бири сифатида унда иқтисодчиларнинг кўплигини келтириб ўтди.
    «Қуйи палатада ҳам, юқори палатада ҳам иқтисодчилар кўп. Биласизларми, олдинги парламентнинг хатоси шу эдики, у ерда иқтисодчилар кам эди, десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Ҳозир мана, сизларнинг ораларингизда замонавий иқтисодчилар кўп.

    5 йилда ЯИМни 100 миллиард долларга етказиш – жуда катта марра. 1991 йилда бизнинг иқтисодиётимиз қўшниларимизга нисбатан анча яхши эди
    », – дея таъкидлади давлат раҳбари.

    Маълумот учун, янги таркибдаги Сенатда иқтисодчилар энг кўп ўринга эга – ҳозирча маълум 97 нафар сенатордан 20 нафари иқтисодчи. Қуйи палатада эса молия, иқтисод ва банк соҳаси вакиллари ҳамда тадбиркорлар 30 нафарни ташкил этади.

    » » Шавкат Мирзиёев: «Олдинги парламентнинг камчилиги – унда иқтисодчилар кам эди»