23:46 / 02.03.2020
5 078

Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 март, душанба куни, халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда мамлакатда 160 дан ортиқ умумтаълим мактаби қурилди. Ундан ташқари, Президент мактаблари, буюк алломалар номи билан аталадиган ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, Темурбеклар мактаблари каби замонавий ва инновацион таълим масканлари ташкил этилди.

Шунингдек, охирги уч йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди. Узоқ ҳудудларга бориб ишлайдиган педагоглар меҳнатини қўшимча рағбатлантириш жорий этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
2019 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Президентининг «Замонавий мактаб»ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2021 йилгача мактабларнинг камида уч фоизи, 2025 йилгача 20 фоизи, 2030 йилга қадар эса 50 фоизини «Замонавий мактаб»ларга айлантиришнинг асосий параметрлари белгиланди.

Буларнинг барчаси ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган кенг қамровли ислоҳотларнинг илк босқичи эди, дейилади хабарда.

Президент шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади. Мактаблар моддий-техник таъминотини яхшилаш, ўқув-тарбия жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда янги турдаги мактабларни барпо этиш, аввалгиларини босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда 9942 та мактабнинг 2835 таси таъмирталаб. 5861 тасида ўқувчилар сони сиғимига нисбатан кўплиги сабабли дарслар икки сменада ўтилмоқда. 2020 йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 тасининг капитал таъмирланиши белгиланган.

Қурилиш вазирлигига мактабларни замонавий архитектура ечимлари асосида, энергия тежовчи ва илғор технологияларни қўллаган ҳолда барпо этиш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Таъкидланишича, мактаблардаги 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лабораториялари йўқ. 7807 та физика, 7776 та кимё ва 7770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синф хонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди.

Шунинг учун, мактаблардаги лабораторияларни замонавий жиҳозлаш ва улардаги дарслар кўламини ошириш талаб этилади.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиб, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди.

Аниқ фанларни ўқитишда амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда интерактив машғулотларга эътиборни кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Қайд этилишича, Ўзбекистонда математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30-50 фоизни ташкил этади.

Шу боис Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, аниқ фанларда амалий машғулотлар кўламини ошириш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда педагог кадрларнинг билим ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йили аттестацияда иштирок этган қарийб 57 минг нафар ўқитувчидан 43 фоизи паст баҳо олгани, республика бўйича муаллимларнинг аттестация натижаларидаги ўртача кўрсаткичи 100 баллик баҳолаш тизимида 64 баллни ташкил қилгани айтиб ўтилди.

Педагоглар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, методик таъминотни янгича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Болаларни ёшлигидан маънан ва жисмонан етук шахс этиб тарбиялаш мақсадида мактабларни бадиий адабиётлар билан таъминлаш, айниқса, бошланғич синфларда мусиқа, тасвирий санъат ва жисмоний тарбия машғулотларига янги мазмун бериш муҳимлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди