date
views 3 189

Наркология ва руҳий касалликлар диспансерига боришнинг ўзи хижолатли эди. Чунки бу ёғи ўзбекчилик...

Наркология ва руҳий касалликлар диспансерига боришнинг ўзи хижолатли эди. Чунки бу ёғи ўзбекчилик...
Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида маълумотнома бериш... Бироз ғалатироқ эшитилади, тўғрими?
Лекин айнан шу маълумотнома айрим турдаги корхона ва муассасаларда фаолият бошлашда ёки баъзи соҳаларда сизнинг руҳий касал эмаслигингизга иш берувчининг ишончи комил бўлишида жуда муҳим.

Иши тушганлар билади! Авваллари сиз ушбу маълумотномага эга бўлиш учун яшаб турган жойингиздан Фарғона марказига келишингиз керак бўлган. Буниси ҳам майли... Агар сиз Фарғона вилояти марказидан 120 км. узоқликдаги Бешариқ тумани ёки қуруқликдаги орол дея эътироф этиладиган анклав ҳудуд — Сўх туманида истиқомат қилсангиз-чи? Бир парча қоғозни олиш учун керак бўлса ҳафталаб, кунлаб пайт пойлаганмиз. Бу ҳақиқат!

— Наркология ва руҳий касалликлар диспансерига боришнинг ўзи хижолатли эди, — дейди Сўх туманида истиқомат қилувчи Муҳаммадсодиқ Отажонов. — Чунки бу ёғи ўзбекчилик... Минг хижолатчилик билан кириб борасиз у ерга. Бирор танишингиз кўриб қолса нима сабабдан бу ерга келганингизни нотўғри ўйламаслиги учун обдоон тушунтириб беришингизга тўғри келар эди. Энди ҳар хил одам бор-да, бири у дейди, бири бу дейди... Менда бу вазият бошимдан ўтган. Андишали халқмиз.

Айниқса, қизларимизни бировнинг омонати сифатида асраб-авайлаймиз. Уларни ножўя гап сўзлардан имкон қадар пана қиламиз. Керак бўлса, касал бўлганлигини ҳам, ҳатто, маҳаллага билинтирмаймиз. Уч йил аввал қизимни ишга жойлаштириш учун шу қурмағур маълумотнома керак бўлди. Уни олиш учун руҳий касалликлар диспансерига қизим билан бирга бордим. Ўшанда бирор танишим кўриб қолса қиз болани нотўғри тушунмасинда, деб роса хижолат бўлганман. Афсуски, бу ҳақиқат.

Бизнингча, энди бу борада қулайлик яратилди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги қарори билан ортиқча оворагарчилик, сарсон-саргардонликлар, ноқулайликларга барҳам берилди. Вақт ҳам, нақд ҳам, андиша ҳам тежаладиган бўлди.

Ҳукуматнинг “Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинди.

Эндиликда бу каби маълумотномалар фақат жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали тақдим этиш тартиби белгиланди. Биринчи апрелдан бошлаб наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритиладиган бўлди.

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими жорий қилинмоқда. Келаётган янги ойга қадар Руҳий касалликлар бўйича ва Наркология диспансерлари ҳисобида турган фуқаролар ҳақидаги тегишли маълумотлар базаси шакллантирилиб, фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда тегишли маълумотлардан фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Элёржон ЭҲСОНОВ

Манба: Xs.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Наркология ва руҳий касалликлар диспансерига боришнинг ўзи хижолатли эди. Чунки бу ёғи ўзбекчилик...