13:55 / 09.04.2020
4 241

“Эшак ҳанграса, намоз бузилади” дейдиганларга насиҳат

“Эшак ҳанграса, намоз бузилади” дейдиганларга насиҳат
Бир киши бир масжидга кирса имом одамларга маъруза қилиб турган экан, бу одам кириши билан эшитган гапи имом жамоатга караб: “Намозхон эшак ҳанграганини эшитса, намози бузилади, намозини қайта ўқийди”, деган сўз бўлибди. Ишонмай деса, имом тақволи олим киши, ишонай деса шунча пайтдан бери бу гапни ҳеч кимдан эшитмаган.

Имомнинг ўзидан сўрашга ботинмай қишлоғига кетибди. Қишлоқ масжидида ўтиришганда, “биродарлар, фалон масжидда ғаройиб бир гап эшитдим, фалончи домла маъруза қилаётган эканлар, “эшак ҳанграганини эшитса намоз бузилади, намозини қайта ўқийди” деб айтдилар”, деб имомдан эшитганни айтибди.

Ҳаммалари қайғуга тушиб қолишибди: эшак ҳанграса намоз бузилса, бизни қишлоқда эшаксиз уй бўлмаса, шунча йилдан бери намоз ўқиганимизда неча марта хўроз қичқириб эшак ҳанграган, шунча йиллик ибодатимиз бекор кетдими, деб ҳасратга ботишибди. Тоқатлари тоқ бўлиб, кўнгиллари тўлмай шу масалада ҳалиги имомнинг олдига боришибди. Имом уларни ҳужрасига таклиф қилибди.

– Ҳазрат, – деб гап бошлабди келганларнинг улуғи, – эшак ҳанграганини эшитса, намоз бузиладими?
– Йўқ, ким айтди сизларга, – дебди имом.

Ҳалиги гапни қолганларга айтиб берган киши:
– Ўтган куни масжидингизга намозга кирганимда айтдингиз-ку, эшак ҳанграганини эшитса намоз бузилади, намозини қайта ўқиш керак деб...
– Ҳа, гап бу ёқда денг. Сиз маърузани бошидан эшитдингизми? – деб сўрабди имом.
– Йўқ тақсир, охирроғида келдим.

– Унда сиз гапнинг бошини эшитмабсиз, мен таяммум ҳақида гапирган эдим. Агар бир киши саҳрода кетаётган бўлса, суви халтасида бўлса-ю, халта эшагида юкланган бўлса, шу пайт эшаги қочиб кетса, бошқа ердан ҳам таҳоратга сув топилмаса, намоз вақти кириб қолса, таяммум қилиб намоз ўқийди. Агар намоз ўқиб турганда эшагини ҳанграганини эшитса, намози бузилади, чунки эшакни ҳанграши сувнинг қайтиб келганини билдиради, сувини олиб таҳорат қилиб, намозини қайта ўқийди, деган маънода айтгандим...

Қиссадан ҳисса шуки, гапнинг моҳиятини, маъносини тушунмай, боши ва охирини эшитмай, нима ҳақидалигини билмасдан қарор қабул қилиш, шошқалоқлик қилиш дуруст эмас. Бу ҳам ўзига ҳам ўзгаларга зарар ва қайғу келтиради. Ўзингиз яхши тушунмаган нарсани бировга айтишга шошилманг.

Бирор масалада, айниқса ижтимоий тармоқларда қўйилаётган ҳар хил постларда кўрган ва ўқиган ҳамда эшитган ҳар бир маълумотни тўлиқ тушунишга, уни тўғри ёки нотўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишга, бировларга етказишдан олдин шу гап дуруст ёки йўқлигига амин бўлиб кейин етказишга одатланиш кераклигини унутманг...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Эшак ҳанграса, намоз бузилади” дейдиганларга насиҳат