
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарё вилоятида ҳам икки нафар бемор соғайгани тўғрисида маълумот берди.
«Пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси, Хоразм, Наманган ва Бухоро вилоятлари сафига эндиликда Қашқадарё вилояти ҳам қўшилди.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Соғайганлардан бири 8 ёшли, иккинчиси эса 56 ёшли фуқаро бўлиб, ҳар иккиси ҳам Чироқчи туманидан. Бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Бунда, шубҳасиз, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг фидойи тиббиёт ходимларининг алоҳида ҳиссаси бор. Уларнинг саъй-ҳаракатлари, халқаро стандарлар асосида даво чоралари кўрилгани беморларнинг тузалишига замин яратди.
Шу боис, халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимлари ва коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол меҳнат қилаётган инсонларга далда бўлинмоқда, улар қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу юксак эҳтиром коронавирус инфекциясига қарши мардона курашаётган қаҳрамон шифокорларимиз учун улкан рағбат ва куч бўлиши шубҳасиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
12 апрель куни Тошкент шаҳрида 19 нафар, Бухоро вилоятида 4 нафар ва Хоразм вилоятида бир нафар бемор тузалгани тўғрисида хабар берилганди.
Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирганидан кейин даволаниб тўлиқ тузалганлар сони 68 нафарга етди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар