07:50 / 14.05.2020
4 386

Шахсий автомобиллар ҳаракатига чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда

Шахсий автомобиллар ҳаракатига чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда
Шавкат Мирзиёев раислигида 13 май, чоршанба куни карантин талабларини юмшатишни давом эттириш чораларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мажлисда мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб, карантин талабларини янада юмшатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш долзарб масала бўлиб турибди. Шу сабабли Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бошланганидан сўнг Республика махсус комиссияси қарори билан 30 мартдан 20 апрелга қадар шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тақиқ қўйилган, улардан фақат махсус стикерлар бўлгандагина фойдаланишга рухсат берилган эди. Стикерсиз ҳаракатланган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида жарима қўлланилиб, автотранспорт воситаси карантин охиригача жарима майдончасида қолдирилаётган эди. Адлия вазирлиги махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини эълон қилганди.

Ушбу чеклов 30 апрелдан бошлаб енгиллаштирилиб, соат 07:00 дан 10:00 гача ва соат 17:00 дан 20:00 гача барча турдаги енгил автомашиналар йўловчилари билан бирга иш жойларига бориш, зарурий дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шахсий автомобиллар ҳаракатига чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда