17:45 / 31.05.2020
1 356

Қашқадарёда тезкор ходимлар оғуфурушларни ўз вақтида қўлга олди

Қашқадарёда тезкор ходимлар оғуфурушларни ўз вақтида қўлга олди
Қарши шаҳар 3-сонли ИИБга 2020 йил 28 май куни гиёҳвандлик моддасига оид хабар келиб тушди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бериб ўтди.

Шу куни соат 15:25 ларда вилоят ИИБ, Қарши шаҳар ИИО ФМБ тезкор ходимлари ва Қарши шаҳар 3-сонли ИИБ ходимлари томонидан Қарши шаҳар «Отчопар» маҳалласида яшовчи Ж.М.нинг яшаш уйи ҳовлисидаги томорқаси кўздан кечирилди. Кузатув чоғида томорқадаги тут дарахти ёнига экилган гуллар орасида 50х50 см жойдан бир туп, сув насоси яқинидаги 50х50 см жойдан бир туп, сув ҳовузи ёнидаги 50х50 см жойдан бир туп яшил рангли ўткир ҳидли ўсимликлар экиб парваришлаб келинаётгани аниқланди.

Шунингдек, анор дарахти ёнидаги 50х50 см жойда экиб парваришланаётган бир туп яшил рангли ўткир ҳидли ўсимлик эса ИИБ ходимлари келган вақтида хонадон эгалари томонидан яшириш мақсадида юлиб олиниб қўшни ҳовли томорқа ҳудудига девордан отиб юборилган.

Бундан ташқари ҳожатхона олдидаги қўл ювиш ускунаси қопқоғи устига қуритиш учун қўйилган нам ҳолатдаги яшил рангли ўткир ҳидли ўсимлик барглари ҳам эътибордан четда қолмади. Холислар иштирокида жами 4 туп яшил рангли ўткир ҳидли ўсимликлар ва ушбу ўсимлик барглари ҳужжатлаштириб олинди. М.Ж.нинг яшаш ҳовлисидан олинган 4 туп яшил рангли ўсимлик таркибида тетрогидроканнабинол гиёҳванд моддаси бор бўлган каннабис ўсимлиги эканлиги, унинг жами соф оғирлиги 236 граммни ташкил этиши кўрсатилган.

Шунингдек қўл ювиш ускунаси қопқоғи устига қуритиш учун қўйилган нам ҳолатдаги ўткир ҳидли ўсимлик барглари таркибида ҳам тетрогидроканнабинол гиёҳванд моддаси бор бўлган каннабис ўсимлиги эканлиги, унинг жами соф оғирлиги 8,7 граммни ташкил этиши қайд этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар 3-сонли ИИБ ТБ томонидан М.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)