Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
  • замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
  • никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;
  • машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;
  • турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларининг “маҳалла ва оила” йўналишининг асосий фаолияти турларидан келиб чиқувчи тадбирларга ажратиладиган қисми ҳисобидан молиялаштириладиган, қўшимча биттадан штат бирлиги – ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассис лавозими жорий этилади.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича етакчи мутахассислар марказларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар