08:00 / 22.06.2020
4 626

Дор, тухум ва жаноза

Дор, тухум ва жаноза
Турсунбой роса ичадиган бўлиб қолди. Топганида барака йўқ. Яна буям етмагандай, хотинининг бир жағи очилса, унча-мунчага ёпилмайди. Мана ҳозир ҳам қўшни кампир Холниса хола билан сўрида алланима қилиб ўтирган эди, ширакайф эри кириб келди. Яна жанжал бошланди.

- Дод, бу эрни дастидан дод! Бу кунимдан ўлганим яхши! Бу эрга қачон ақл киради? Яқинда қизини чиқарадиган, ўғлини уйлайдиган бўп турибди-ю, ҳалиям алкашлигини қўймайди-я? Бундан кўра ўлиб қўя қолсангиз яхши эди. Ўзим бир амаллаб жойлардим, болаларимни...

Хотинни одатдаги ҳақоратлари бу гал маст эрга қаттиқроқ таъсир қилдими ё қўшни кампирнинг бир четга қараб тиржайиб тургани ёқмадими, Турсунбой бир неча дақиқа серрайиб, шамолда чайқалган дарахтдек озгина у ён-бу ён бўлиб турди-да, ғўлдиради:
– Мендан безор бўлсанг, бўлди. Ўзимни ўлдираман, қутуласан-қоласан. Бирорта тузукроғига тегволасан!
– Қанийди, сиз ўзингизни ҳам ўлдиролмайсиз!
– Шунақами? Мен кетдим.

Хотини яна кампир билан гаплашиб ўтираверди. Ярим соатлар ўтгач, эрининг тинчиб қолганидан хавотир олдими:
– Феруз, даданг уйдами? – деб сўради.
– Йўқ. Боя арқон кўтариб молхонага кириб кетувдилар-ку.

Хотин билан кампир молхонага югуришди. Молнинг охури тепасидаги тўсинда Турсунбой осилиб турарди. Хотин дод-войни бошлади. Кампир уни ўтқизиб, сув берди. Кейин “сен бориб асрдан чиққан чолларни етаклаб кел, бирор маслаҳат қиламиз”, деб уни масжидга жўнатди. Ўзи молхона ичидаги челак устига ўтириб, ўзича: “Ўл-а, тириклигингдаям ҳаммани жонига тегувдинг. Энди мениям бугунги тўйдан қолдирдинг”, деб охур ичида товуқ қўйган олти-етти тухумни кўриб қолди. “Майли, манави тухумларни олай, ҳарна”, деб энди нимчасининг чўнтагига солишни бошлаган эди:

– Маякларни жойига қўйинг, эна! – деган Турсунбойнинг овози эшитилди.
Кампир оёғи қалтираб, ранги оппоқ бўлиб, ерга ўтириб қолди.
Эртасига ростдан ҳам жаноза бўлди. Фақат майит бошқа эди...

Ёқуб Умар

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дор, тухум ва жаноза