06:30 / 25.06.2020
2 238

4 ҳудудда янги ҳолатлар аниқланди, Самарқандда яна аҳоли орасида вирус чиқа бошлади

4 ҳудудда янги ҳолатлар аниқланди, Самарқандда яна аҳоли орасида вирус чиқа бошлади
24 июнь куни Ўзбекистонда 229та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 6901 ҳолат) ва 125 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 4685 беморга жавоб берилган, 19 киши вафот этган, шифохоналарда 2197 нафар бемор даволанмоқда.
Бугун 4 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 239 ҳолатдан (бу янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади) 207таси карантин муассасаларида, 31таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 1 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+31)
Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 18 ҳолат. Тошкент шаҳрида сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Бир кун олдин Тошкентда «Асака банк» ва «Ипак йўли банк» филиаллари ходимларида, Учтепа туманидаги автопарк ҳайдовчиси, шунингдек, Олмазор ва Юнусобод туманларида аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари аниқланганди.

Бугун Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 8 ҳолат қайд этилган. Ушбу вилоятда сўнгги кунларда фақат карантинга олинганлар орасида вирус юқтирганлар чиқаётганди - 17 июндан буён фақат битта ҳолат (21 июнь куни) аҳоли орасида аниқланган.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида 5та ҳолат қайд этилди. Бир кун олдин вилоятнинг Чирчиқ, Тошкент ва Чиноз туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланганди. Вилоятда қаторасига саккизинчи кун аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Карантин (+207)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 125 ҳолат аниқланди.
Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 61 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 10 кишида вирус чиқди.
Самарқандда карантиндагилардан 6 нафарида, Навоийда эса 5 нафарида вирус аниқланган.

Ҳайдовчилар (+1)
Тошкент вилояти ҳудудида яна бир нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси вирусга чалингани маълум бўлди. Ушбу вилоятда 11 кундан бери халқаро юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари орасида узлуксиз равишда касаллик аниқланмоқда.

Тузалганлар (+125)
Бугун Тошкент шаҳридаги 4та тиббиёт муассасасида жами 116 бемор тузалиб чиқди, шунингдек, Бухоро (6), Самарқанд (2) ва Андижонда (1) жами 9 бемор соғайди, кун давомида 125 нафар беморга жавоб берилди ҳамда шу вақтгача тузалганлар сони 4685 нафарга етди. Анчадан буён қаторасига икки кун давомида кунлик соғайишлар сони 100дан ошиқ бўлмоқда - 23 июнь куни ҳам 115 нафар бемор тузалганди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2197 нафар бемордан 14 нафари оғир, 5 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 37 173 нафар, стационар карантинда эса 22 890 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 4 ҳудудда янги ҳолатлар аниқланди, Самарқандда яна аҳоли орасида вирус чиқа бошлади