22:40 / 27.06.2020
2 182

Президент танишган тажриба: Дастлабки босқичда 395 та, кейинчалик 6 мингдан ортиқ камералар уланади

Президент танишган тажриба: Дастлабки босқичда 395 та, кейинчалик 6 мингдан ортиқ камералар уланади
Давлат раҳбари ташриф доирасида Наманган шаҳридаги “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди ва “Обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосида амалга оширилган ишлар билан танишди.
· 2013 йилда ташкил топган мазкур маҳаллада намунавий лойиҳалар асосидаги 830 та ҳамда якка тартибдаги 1 минг 682 та уй мавжуд. Бу ерда 12 500 аҳоли яшайди.

Наманган шаҳри Ички ишлар бошқармаси ахборот-коммуникация таъминоти гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Икром Убайдуллаев бизни “ақлли шаҳар” дастури билан таништирди:
Мазкур дастур Наманган шаҳрининг онлайн режимда ишлайдиган бош харитаси ҳисобланади. У “ақлли шаҳар” ва сунъий онг модели асосида яратилган. Наманган шаҳридаги жамики йўналишлар бўйича қандай маълумот бўлса, барчаси мазкур дастурга интеграция қилинган.

Дастурга шаҳардаги 395та кузатув камераси онлайн режимда уланган. Ҳозирда шаҳар бўйича 6 мингта камера ўрнатилган бўлиб, улар ҳам босқичма-босқич дастурга уланади. Дастур дастлаб шаҳар ички ишлар бошқармаси доирасида ахборот тизими сифатида фойдаланилган. Аммо ҳозирда унинг қамрови анча кенгайган бўлиб, барча соҳалар – қурилиш, тиббиёт, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, меҳнат бозори, таълим, хизмат кўрсатиш, барча-барчаси уланган.

Мазкур тизимда барча кўрсаткичлар геохарита орқали мониторда акс этади. Жумладан, аҳоли сони, ёлғиз кексалар, таълим муассасалари, меҳнат бозори, инвестициявий лойиҳалар, камбағал оилалар, криминоген муҳит каби маълумотлар узлуксиз киритиб борилади.

Тажриба сифатида ишга туширилган бу тизим кейинчалик барча соҳалардаги электрон базаларга уланади. Натижада шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни онлайн кузатиш, вазиятни холис баҳолаш, муаммоларни назоратга олиш ва керакли чора-тадбирлар кўриш мумкин бўлади. Бу эса аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим самара беради
, – дея тушунтириш берди И. Убайдуллаев.

Давлат раҳбари бу маҳалла тажрибаси билан танишиш чоғида:
- Вилоятдаги секторлар раҳбарлари энди жиноятчиликка қарши курашда натижа бўйича жавоб беради. Жиноят қанча камайди, қайси адашганни тўғри йўлга қайтарди деган саволларга жавоб топиш учун мана шу тизимга ўтаяпмиз. Ҳам иқтисодиётни, ҳам жиноятчиликни, ҳам тинчликни, ҳам адолатни жойига қўйсак, халқимиз учун муносиб шароит яратган бўламиз, - деди.

Тизимнинг афзалликлари:
Демография. Хаританинг энг асосий йўналиши демографик кўрсаткичларни ҳисоблаб боришдир. Шаҳарда туғилганлар, вафот этганлар, янги рўйхатдан ўтган оилалар, ажрим қайд этилган оилалар – барчаси дастурда қайд этилади;

Камбағаллик кўрсаткичлари. Камбағалликдан чиқариш белгиланган оилалар рўйхати киритилган бўлиб, уларнинг ёши, нима билан бандлиги, даромад даражаси ҳақидаги маълумотлар жамланган;

Ижтимоий ҳимоя. Дастурнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири шуки, якка-ёлғиз яшайдиган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами алоҳида назоратга олинган. Уларнинг қўлларига махсус билакузук берилган бўлиб, фуқаро оғир ҳолатга тушиб қолса, билакузук дастурда SOS-чақириғини беради. Бу чақириқ ўша фуқаро қарайдиган маҳалла раиси, участка нозири, патронаж хизмати ходимига зудлик билан етиб боради ва фуқарога керакли ёрдам кўрсатилади;

Транспорт ҳаракати. Дастурда шаҳарга қанча тарнспорт кириб-чиқаётгани, кунлик йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари, йўл-транспорт ҳодисалари қайд этиб борилади;

Меҳнат муносабатлари. Шаҳарда қайси тармоқда вакант ўрни пайдо бўлгани билан бирга, ишсиз аҳоли сони, ҳар бир иш излаётган фуқаронинг ёши, малакаси билан боғлиқ маълумотлар ҳам кўрсатилади. Бу билан бўш иш ўринларини ишчи кучи билан таъминлаш, ишсизликни қисқартиришга эришилади;

Таълим. Шаҳардаги барча таълим муассасаларига ўрнатилган кузатув камералари дастурга уланган бўлиб, улар дарс жараёни, ўқувчиларнинг давоматини назорат қилади. Камерадаги face-control тизими ўқувчиларнинг иситмаси бор-йўқлигини ҳам текшириб, маълумотларни қайд этиб боради;

Маҳаллий бюджет тақсимоти. Дастур маҳаллий бюджет кирим-чиқимлари ҳақида ҳам маълумот беради. Бюджетга келаётган кунли тушумлар, қилнаётган харжатлар ва улурнинг манбалари ҳақидаги кунлик ахборот кўринади;

Иқтисодиёт. Наманган шаҳридаги йирик корхонадан тортиб, якка тартибдаги тадбиркорларгача дастур рўйхатига киритилган. Амалга оширилаётган маҳаллий лойиҳалар, уларга сарфланган инвестиция маблағлари, қанча иш зўрни яратилаётгани, экспорт-импорт ҳисобини юритиш ҳам дастурнинг функцияларидан биридир.

Дастур маҳаллий раҳбарларнинг иш тақсимотини ҳам юритади. Шаҳар ҳокими, маҳаллий орган раҳбарлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раисларнинг ўз ҳудуди ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бугун қайси ҳудуд билан шуғулланиши кераклиги, қайси муаммоларни кун тартибига киритиш кераклигини кўрсатиб беради. Муаммо мавжуд бўлган ҳудудлар қизил рангда харитада намоён бўлади, муаммо ҳал қилинмагунча, ранг ўзгармайди.

Дастурнинг қулайлиги шундаки, ундаги маълумотлар базаси онлайн вақт режимида янгиланиб туради.
Мазкур дастур ҳозирда Наманган шаҳрининг “Орзу” маҳалласи доирасида тўлиқ ишга туширилган. Келгусида унинг қамрови кенгайтириб борилаверади.

Аброр Зоҳидов.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент танишган тажриба: Дастлабки босқичда 395 та, кейинчалик 6 мингдан ортиқ камералар уланади