00:45 / 05.07.2020
3 423

Аҳоли орасида аниқланган касалланиш ҳолатлари бўйича янги рекорд қайд этилди

Аҳоли орасида аниқланган касалланиш ҳолатлари бўйича янги рекорд қайд этилди
4 июль куни Ўзбекистонда 312та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 9708 ҳолат), 174 нафар бемор соғайди, 2 киши вафот этди. Шу вақтгача 6425 беморга жавоб берилган, 31 киши вафот этган, шифохоналарда 3252 нафар бемор даволанмоқда.
Бугун 6 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 312 ҳолатдан 162таси карантин муассасаларида, 142таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 8 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+142)
Бугун аҳоли орасида аниқланган касаллар сони бўйича рекорд натижа қайд этилди - 142 бемор. Бунгача бир кунда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланиши бўйича энг юқори кўрсаткич 2 июль куни қайд этилганди - 113 ҳолат.

Бугун 3 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди - 105 ҳолат.

Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда. Бугун пойтахтда ҳам аҳоли орасидаги ҳолатлар бўйича рекорд натижа янгиланди - 2 июль куни шаҳарда аҳоли орасида 67 кишида вирус аниқланганди.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 36 кишида вирус аниқланган - бу ҳам вилоят учун рекорд кўрсаткич. Вилоятда сўнгги ҳафталарда узлуксиз равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланаётганди, бу занжир фақат 1 июль куни узилган.
Шунингдек, Бухоро вилоятида аҳоли орасида бир кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Карантин (+162)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 86 ҳолат аниқланди. Бу сўнгги ҳафталарда энг қуйи кўрсаткичдир.
Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 55 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 15 кишида вирус чиқди.
Бугун шунингдек, Навоий вилоятида карантиндагилар орасида 6 киши, Қашқадарёда эса 1 киши вирусдан зарарлангани маълум бўлган.

Ҳайдовчилар (+8)
Сирдарё вилоятида 8 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+174)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 174 нафар бемор соғайиб, шу вақтгача касалликдан тузалиб чиққанлар сони 6425 нафарни ташкил этмоқда.

Ўлим (+2)
Қаторасига иккинчи кун иккита ўлим ҳолати қайд этилди ва жами ўлимлар сони 31тага етди. 1 июль куни тошкентлик 65 ёшли эркак ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган. Аммо у 3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган. У Тошкент шаҳрида коронавирусдан вафот этган 17-бемор бўлди.

Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли аёл Д.Ш. 1 июль куни коронавирус инфекциясига гумон қилиниб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Унга икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 3-даража, семизлик 2-даража ташхиси қўйилган. У 3 июль куни оламдан ўтган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3252 нафар бемордан 15 нафари оғир, 9 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 42 659 нафар, стационар карантинда эса 24 301 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аҳоли орасида аниқланган касалланиш ҳолатлари бўйича янги рекорд қайд этилди