09:27 / 08.07.2020
2 472

Пандемия шароитида Ҳаж мавсумини ташкил этиш қоидалари белгиланди

Пандемия шароитида Ҳаж мавсумини ташкил этиш қоидалари белгиланди
Фото: Abdel Ghani Bashir / AFP via Getty Images
Саудия Арабистонида июль ойи охири – август ойи бошларига тўғри келаётган Ҳаж мавсуми бу йил фақат маҳаллий мусулмонлар иштирокида ўтказилади. Подшоҳлик ҳукумати ҳаж ибодатини коронавирус пандемияси шароитида ўтказиш тартибини тасдиқлади.

Asharq Al-Awsatгазетасининг хабар беришича, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, Каъбани 7 маротаба айланиш (тавоф) чоғида байтуллоҳни ўпиш ёки ҳеч бўлмаса уни қўли билан ушлашга уриниш тақиқланади. Хавфсизлик мақсадида Каъба тўсиқлар билан ўраб қўйилади.

Шайтонга тош отиш учун жамланган мусулмонлар сони бир вақтнинг ўзида 50 кишидан ошмаслиги керак.

Зиёратчиларни олиб юрувчи автобуслар ўз сиғимининг ярмигача бўлган миқдорда одам ташиши мумкин. Барча иштирокчилар тиббий ниқобларда бўлиши ва ижтимоий масофаланишга риоя этиши талаб этилади. Уларнинг ҳарорати доимий равишда ўлчаниб, саломатлигининг ҳолати назорат қилиб борилади.

Овқатланиш ва сувга алоқадор масалаларда ҳам муайян тартиблар ўрнатилади. Озиқ-овқат ва ичимликлар фақатгина шахсий фойдаланиш учун ёпиқ идишларда берилади. Муқаддас Замзам суви учун ҳам фақат бир марталик идишлардан фойдаланилади.

Муздалифа водийси ва Арофат тепалигида зиёратчилар ҳар 50 кв метрга 10 кишидан бўлиб жойлашишади, чодирлар орасидаги масофа 1,5 метрдан кам бўлмаслиги талаб этилади.

Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ зиёратчи иштирокида ўтган Ҳаж мавсумида бу йил 10 минг нафар мусулмон қатнашади. Шундан 30 фоизи Саудия Арабистони фуқаролари, 70 фоизи эса подшоҳлик резидентлари бўлади.

Бу йилги Ҳаж мавсуми хорижлик зиёратчиларсиз ўтиши эълон қилинган. Қамарий тақвимга асосан, 2020 йилги Ҳаж ибодати вақти июль ойининг охирига тўғри келади.

Саудия Арабистони аҳолиси орасида Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлганлар шу ҳафта душанбадан жумагача махсус портал орқали рўйхатдан ўтишлари лозим. Рўйхатга ёзилганларни танлаб олишда талабгорнинг ёши 30-50 ёш оралиғида бўлиши, сурункали касалликлари бўлмаслиги, аввал Ҳаж ибодатини адо этмагани, коронавирусга топширган тести манфий чиққани, Ҳаждан аввал ҳам, кейин ҳам 14 кунлик карантин даврини ўтай олишига урғу қаратилади.

Маълумот учун, Саудия Арабистони – араб давлатлари ичида коронавирусга чалинганлар сони энг юқори мамлакат бўлиб ўтмоқда. Подшоҳликда 217 мингдан ортиқ киши вирус юқтириб олган, улардан 2 мингдан ортиғи вафот этиб, 155 мингга яқини соғайган.

Пандемия тарқалишинг олдини олиш бўйича чоралар доирасида март ойида мамлакатдаги барча масжидлар ёпилган эди. Июнь ойидан улар босқичма-босқич очила бошлади. Айни пайтда Мадина шаҳридаги Набавий масжидида ибодатларга рухсат берилган бўлса, Маккадаги Масжид-ул Ҳаром ҳаж мавсумига қадар ёпиқ қолиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пандемия шароитида Ҳаж мавсумини ташкил этиш қоидалари белгиланди