10:20 / 20.08.2020
709

Масофавий таълимга ўтиш контракт камайишига сабаб бўлмаслиги тушунтирилди

Масофавий таълимга ўтиш контракт камайишига сабаб бўлмаслиги тушунтирилди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев масофавий таълим шаклига ўтилиши тўлов-контракт миқдори камайишига сабаб бўлмаслигини тушунтирди.

«Олий таълим муассасалари пандемия даврида ҳам одатдагидек иш ҳақи ва стипендияларни тўлаб келяпти. Бу харажатнинг камайишига олиб келмайди. Коммунал харажатларнинг маълум миқдорда қисқаришини харажатларнинг камайиши деб назарда тутадиган бўлсак, ҳозирги белгиланган тўлов-контрактнинг ўзи ўқитувчининг иш ҳақига етмайди.

Белгиланган контракт тўловининг ичида бу харажатнинг камайишини ҳисобга олганда ҳам тўланиши керак бўлган сумма билан фарқи жуда катта. Бу контрактнинг қийматига умуман таъсир кўрсатмайди. Фақатгина ОТМ кўраётган зарарни камайтириши мумкин.

80 фоиз талаба контракт тўлови энг минимал бўлган соҳалар – қишлоқ хўжалиги, техника, гуманитар, педагогика йўналишларида таҳсил олади.

Ҳозирда белгиланган базавий контракт миқдори – 6 млн 412 минг 600 сўм. Минимал харажатларнинг ўзи эса 9 млн 300 минг сўм. Бу қайсидир ОТМда юқори бўлиши ҳам мумкин. 9 млн 300 минг сўм харажат таркиби битта катта ўқитувчининг иш ҳақи ҳисобланади. Ваҳоланки, ОТМда кафедра мудирлари, доцент ва профессорлар бор. Уларнинг харажати янада ошади. Шунинг учун бу ўрта ҳисобда деб айтилади.

Пандемия даврида коммунал тўловларнинг камайиши базавий стипендия миқдори билан минимал харажат ўртасидаги фарқни камайтиради холос. Талаба тўлайдиган контрактни камайтирадиган даражада ОТМда иқтисод қилинмаяпти», – деди Мақсуд Ҳамроев 19 август куни олий таълим тизимидаги муаммолар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида.

Вазирлик вакили масофавий таълим шаклига ўтилиши қўшимча харажатларни талаб этишини билдириб ўтди.

«Масофавий таълим учун ҳам қўшимча харажатлар келиб чиқишининг сабаби – бизда серверлар онлайн таълимга мўлжалланмаган эди. Платформага кўпроқ мурожаат бўлиши ҳисобига қўшимча серверлар қабул қилишга мажбур бўляпмиз. Суратга оладиган ускуналар, студия жиҳозлари керак. Бу жиҳозлар ҳозиргача ОТМларда мавжуд бўлмагани ҳам таълим харажатларини маълум миқдорда кўпайтиради.

10 фоизлик чегирма ҳам қайсидир харажатларни қисқартириш, ички имкониятлар эвазига ташкил этиляпти. Бунда бюджетга юкламани ҳам кўпайтириб бўлмайди. Бюджет берадиган пулни оширишнинг ҳозир имконияти йўқ. Буларнинг ҳаммаси ОТМнинг ривожланиш учун кетадиган харажатларини қисқартириш ҳисобига бўлади», – дея Ҳамроевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслитдиновга кўра, пандемия ОТМлар харажатларига катта таъсир қилгани йўқ.
«Олий таълим тизимидаги харажатлар – иш ҳақи ва у билан боғлиқ харажатлар, коммунал тўловлар, асосий воситалар хариди, жорий таъмир харажатлари ҳисобланади.

ОТМ харажатлар сметасига қарайдиган бўлсак, унинг 80-90 фоизи иш ҳақига тўғри келади. Харажатлар электр энергияси ҳисобига озгина камайиши мумкин. Лекин пандемия харажатларга катат миқдорда таъсир қилгани йўқ», – дея қайд этди департамент директори.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)