
Мактаблар фаолияти йўлга қўйилгач, онлайн таҳсил олувчи ўқувчилар ҳам, анъанавий усулда мактабга қатновчилар ҳам дарслик билан таъминланади. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
“Ҳар икки шаклда таҳсил олувчи ўқувчилар доимгидек дарсликлар билан бир хилда таъминланади”, деди у 3 сентябрдаги брифингда.
Вазирлик расмийси ўқувчининг онлайн таълимни танлаш жараёни ҳақида тушунтириш берди.
“Ота-она фарзандини масофавий таълим шаклида ўқитиш қарори ҳақида ўқитувчисини огоҳлантириб қўйиши кифоя. Бунинг учун ота-онадан ҳеч қандай ёзма ҳужжат талаб этилмайди.
Шунингдек, анъанавий таълим олаётган ўқувчини онлайн таълимга ёки аксинча онлайн ўқиётган ўқувчини анъанавий таълимга ўтказиш учун ҳам фақатгина ўқитувчини огоҳлантириш керак бўлади”, деди Рустамова.
Шу билан бирга, матбуот котиби ўқувчининг мактабга кийиб борадиган либоси мактабнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ риоя этиши кераклигини, мактабга спорт либосида келишига йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар