20:45 / 10.09.2020
6 041

Тўйига белгиланганидан ортиқ одам чақирган «Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров жаримага тортилди

Тўйига белгиланганидан ортиқ одам чақирган «Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров жаримага тортилди
Фото: Instagram / @shahlo_bravo_official
«Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров 9 сентябрь куни уйлангани, унинг никоҳ тўйи гала-концертга айланиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маълум қилинишича, Аҳмад Темуров карантин қоидаларини бузган ҳолда тўй маросимини ташкил этгани сабабли унга нисбатан чора кўрилган.

Хабар берилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган Аҳмад Темуровнинг тўйида олинган видеолар билан боғлиқ ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходимлари томонидан ўрганилди.

«Мазкур видео 9 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманида олинган бўлиб, у ерга 29 ёшли Аҳмаджон Т. куёв сифатида ўртоқлари билан келган. Бундан ташқари, Аҳмаджон Т. тўйини Шайхонтоҳур туманидаги уйида ташкиллаштирган ва тўйга 40 нафардан ошиқ меҳмон келган», — дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра, карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бироқ ИИББ хабарида Аҳмад Темуровга тайинланган жарима миқдори маълум қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар, хусусан, тўй-маросимларнинг ўтказилиши тақиқланган эди. Ушбу тақиқдан сўнг тўй маросимларини ўтказишга уринганларга нисбатан ҳатто жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, нисбатан назорат остига олингач, Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан «яшил» тоифага киритилган ҳудудларда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашгани сабабли 10 июлдан бошлаб мамлакатда тўйларни ўтказиш яна тақиқланди.
Ўзбекистонда 15 августдан 30 кишилик тўйларни ўтказишга яна рухсат берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйига белгиланганидан ортиқ одам чақирган «Браво» кулги жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров жаримага тортилди