17:20 / 12.09.2020
2 706

«Чироқчи воқеаси» айбдорларининг адвокатлари суд жараёни ҳақида гапирди

«Чироқчи воқеаси» айбдорларининг адвокатлари суд жараёни ҳақида гапирди
Чапдан: Дилшод Юсупов, Отабек Тоштурдиев
Фото: «Дарё»

«Чироқчи воқеаси» айбдорларини ҳимоя қилаётган адвокатлар — Отабек Тоштурдиев ҳамда Дилшод Юсуповлар «Дарё» мухбири билан суҳбатлашиб, ишни ўрганаётган суднинг қанчалик адолатли ўтаётгани ҳақида гапирди.

«Суд шаффоф ўтмоқда, — деди судланувчи Анвар Жонқобиловнинг адвокати Отабек Тоштурдиев. — Суд тергови давомида ҳимоям остидаги Анвар Жонқобилов ҳамда жабрланувчилар сўроқ қилинганида уларнинг ҳар бир гапи диққат билан эшитилди. Шунингдек, жабрланувчилар судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини айтгач, суд буни алоҳида қайд этиб бормоқда. Қолаверса, суд тортишув принципи асосида ўтмоқда. Ўрни келганда қизишиш ҳолатлари ҳам бўляпти. Айнан қизишиш ҳолатларида суд ҳеч кимга танбеҳ бермади. Прокурор ёки биз кўп гапириб юборганимизда ‘нотўғри гапиряпсиз’ деб ҳеч кимнинг оғзи ёпилмади. Биз талаб қилаётган адолатли илтимосномалар ҳам қаноатлантирилмоқда. Бу ошкоралик ва шаффофликнинг ёрқин намунасидир».

Адвокат Отабек Тоштурдиев суднинг шаффоф ўтаётгани адолатли ҳукм чиқарилишига замин ҳозирлаётганини билдирди.

«Бугунги кунга келиб суд тергови якунланди. Эндиликда олдимизда музокара жараёни турибди. Музокарада биз суд ишида келтирилган далилларни келтириб, ўз фикримизни баён қиламиз ва суддан адолатли ҳукм чиқаришни сўраб қоламиз. Йигитлар яхши томонга ўзгаради деб ўйлайман», — дейди Анвар Жонқобиловнинг ҳимоячиси.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Нурбек Овлаевнинг ҳимоячиси Дилшод Юсупов ҳам суднинг адолатли ҳукм чиқаришига ишонишини маълум қилди.

«Суд терговига эътирозимиз йўқ. Эътироз билдиришга ўрин ҳам қолмади. Боиси суд судланувчиларни ҳам, жабрланувчи-ю гувоҳларни ҳам бирдек эшитди. Суд, шунингдек, марҳум Юсуф Абдураҳмоновнинг қонуний вакили, турмуш ўртоғининг судланувчиларга даъвоси йўқлигини ҳам қайд этиб қўйди. Демакки, суд инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда адолатли ҳукм чиқаради», — деди Дилшод Юсупов.

Эслатиб ўтамиз, «Чироқчи воқеаси» бўйича беш нафар ИИБ ходими судланувчи сифатида эътироф этилган бўлиб, айни кунда Н. Овлаев ҳамда А.Жонқобиловларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ш.Раҳмонов, А.Тожиноров ва Б. Ғайратовлар гаров эвазига очиқда қолдирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Чироқчи воқеаси» айбдорларининг адвокатлари суд жараёни ҳақида гапирди