10:30 / 14.09.2020
2 404

ОАВ: Гулнора Каримованинг ҳисоб рақамидаги 131 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилади

ОАВ: Гулнора Каримованинг ҳисоб рақамидаги 131 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилади
Фото: МNews
Швейцария ҳукумати Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.

Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берган. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда бу ҳақда сўз боради.

Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

«Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 миллион долларлик маблағ музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётганлиги учун ушлаб турилади. Мабодо ушбу маблағлар берилган тақдирда ҳам юқоридаги шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этган.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ОАВ: Гулнора Каримованинг ҳисоб рақамидаги 131 млн доллар Ўзбекистонга қайтарилади