18:39 / 22.10.2020
2 097

Самарқандлик олимлар энергия олиш учун шамол йўналишлари харитасини ишлаб чиқди

Самарқандлик олимлар энергия олиш учун шамол йўналишлари харитасини ишлаб чиқди
Самарқанд давлат университети олимлари шамол энергия ресурслари харитасини ишлаб чиқди. Бу харита асосида шамол кучли ва кўп кузатиладиган ҳудудларда шамол парраклари билан чекка ҳудудлар аҳолисини электр энергия билан мунтазам таъминлаш, фермерлар учун ер ости сувларини тортиб чиқариш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш мумкин.

«Самарқанд вилоятидаги метеорологик станцияларнинг маълумотлари ва биз ўрнатган шамол ўлчагич асбоблар маълумотлари асосида Самарқанд вилоятининг шамол энергия ресурслари харитаси тузилган. Унда шамол кучли эсадиган ҳудудлар ажратилган ва уларнинг электр берадиган шамол энергия ресурслари кўрсатилган. Ҳозир ҳам иккита нуқтада, яъни Булунғур тумани Эшмонтўп қишлоғи ва СамДУ 9 қаватли биноси томида, 40 метр баландликда шамол тезлигини ўлчайдиган асбоблар ишлаб турибди», дейилади университет маълумотида.

Бу борадаги изланишлар 2015 йилда университет олими А. Раҳматуллаев раҳбарлигида, талабалар билан биргаликда бошланган. Бугунга қадар мунтазам ва кучли эсадиган шамол йўналишлари харитаси такомиллаштириб келинган. Натижаларга кўра, вилоят ҳудудидаги Қарнаб чўлининг деярли ҳамма қисмида йил давомида эсадиган шамол ресурслари бор.

Шунингдек, ўша йили Самарқанддаги Чўпонота ҳудудида доимий шамол йўналишлари аниқланган. Бундан ташқари, Каттақўрғон сув омбори, Булунғур, Қўшработ ва Пайариқ туманларида ҳам катта салоҳиятга эга шамол йўллари аниқланган. Мазкур ҳудудларнинг аксарият қисмида шамол 3,5-4 метр секунддан юқори тезликда эсади.

Олимлар одатдаги шамол генераторлари шамол кучи 3 метр секунд тезликка етганда самарали электр энергия ишлаб чиқаришини маълум қилган. 3,5-4 метр секунд шамол йўлларида эса шамол генераторлари билан бирга шамол электр станциялари ҳам қуриш мумкин. Бу энергия олишнинг арзон ва экологик тоза усули ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандлик олимлар энергия олиш учун шамол йўналишлари харитасини ишлаб чиқди