22:55 / 13.11.2020
1 950

Давлат хизматлари агентлигига пулли хизматлар нима учун керак?

Давлат хизматлари агентлигига пулли хизматлар нима учун керак?
Фото: Xabar.uz
Қаршида Давлат хизматлари агентлигининг янги маркази очилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга қилган ташрифи давомида ушбу марказ фаолияти билан танишиб чиқди.

Эътиборли томони, бу ерда 45 нафар оператор фуқароларга хизмат кўрсатади ва яна 20 та пуллик хизмат ташкил этилади. Давлат хизматлари марказида қанақа пуллик масала бўлиши мумкин? Бу саволга ДХА директори Улуғбек Муҳаммадиев жавоб бериб ўтди.

Янги марказнинг асосий концепцияси шундан иборатки, бу ерга келган фуқаро яна овора бўлиб бошқа идорага бориб юрмаслиги керак. Яхши биламиз, бир қатор хусусий хизмат турлари борки, тўловлар мавжуд. Масалан, нотариус, тураржойдаги газ-сув тармоғини лойиҳалаш ва ҳоказо. Биз мана шундай хизмат турларини ҳам марказда ташкил этишга қарор қилдик...

Янги уй оласанми ёки ўзинг қурасанми, энг ёмони — югур-югур. Аввал битта идорада кунни ярим ўтади, кейин бошқасида қош қораяди. Қаршидаги янги марказда эса бирйўла ҳамма ишни битириб кетиш имкони мавжуд.

Бунинг учун эса бирор ходимнинг ҳам кераги бўлмаслиги мумкин. Чунки Давлат хизматлари марказида тўртта ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш бурчаги бўлиб, у ердаги компьютерлар интернет тармоғига уланган. Ҳар қандай ишни онлайн битириб кетиш мумкин.

Биз фуқароларни масофадан ишлашга ўргатишимиз лозим. Шунда узоқ қишлоқлардан ҳам овора бўлиб, вилоят марказига келиш шарт эмас. Мана компьютер, ана интернет — ҳамма ишни бемалол битирса бўлади. Ёнимизда IT-марказ очилмоқда. Ўша ердаги йигит-қизларимиз келиб, фуқароларга онлайн хизматларни ўргатиб ҳам қўяди. Ўз навбатида фуқароларимиз ҳам маҳалласига бориб, қариндош-уруғи ва қўни-қўшнисига ўргатиши мумкин, — дейди Улуғбек Муҳаммадиев.

Энг муҳими — бу ерда бир йўла 300 киши қулай ўриндиқларда навбат кутиши ва шу аснода овқатланиб олиши ёки китоб ўқиши мумкин. Нима учун айнан шу нарса муҳим? Чунки комфорт ҳар қандай хизмат турининг энг асосий шиори бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбари марказни кўздан кечириш асносида одамлар талабидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, маҳаллалар билан онлайн боғланиб, аҳолига қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди. Бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан одамларнинг хабардорлигини ошириб, кенг фойдаланишга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат хизматлари маркази орқали одамлар давлатнинг эътиборини сезиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат хизматлари агентлигига пулли хизматлар нима учун керак?