09:00 / 15.11.2020
2 241

«Мактаблар ожиз бўлгани учун репетиторлик бизнеси гуллаб-яшнайди» - Халқаро пресс-клуб раиси

«Мактаблар ожиз бўлгани учун репетиторлик бизнеси гуллаб-яшнайди» - Халқаро пресс-клуб раиси
14 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда бир неча мавзулар қаторида таълимдаги муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳам сўз борди.

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ўқитувчилар билан мулоқот давомида бугунги таълим тизимида инқилоб қилиш пайти келганини айтди.

«Раҳматли домламиз Омонулла Мадаев “тестни фарзанди йўқ одам тузган шекилли” деб айтгандилар. Чунки ДТМ тестини олиб қарасангиз, мактаб дастурига умуман яқинлашмайди. Мақсад - болани қийнаш. Олдин коррупция бўлган. Пулини олиб ўқишга киритаверган.

Лекин бугун олиб қарайдиган бўлсак, балки тестдан воз кечиш пайтимиз келди. Чунки у болаларимизни шокка туширади. Болаларимиздан тест ёдловчи одамлар шаклланади. Болада билим пайдо бўлмайди.

Яқинда фарзандим айтиб беряпти. “Тест ечиб ўтирибман, Франциянинг фалон президенти нечанчи йилда президент бўлган деган савол бўляпти”, дейди. Бунинг Ўзбекистонга нима алоқаси бор? У француз тили бўйича олий ўқув юрти бўлса, бошқа гап эди. Франция халқи ҳам билмайди, у одам нечанчи йил президент бўлганини. Ундай саволларнинг нима кераги бор?

Кўплаб саволларда мантиқ йўқ. Бола эмас, профессор ҳам у саволларга баъзида жавоб бера олмайди. Кейин тестларимиз жуда кўп. Қаердан олади улар? Йиллар давомида мактаб дарслиги ўзгармаган-ку! Бу нарсани менимча, олий таълимда инқилоб қилиб ўзгартириш керак.

Бизда репетиторлик бизнеси алоҳида гапирилади. Мактаблар ожиз бўлгани учун репетиторлик бизнеси гуллаб-яшнайди. Агар мактаб кучли бўлганида репетиторга эҳтиёж қолмасди. Инглиз тилини мактабда 11 йил ўрганамиз, университетда 4 йил ўрганамиз. Аммо инглизча гаплаша олмаймиз. Ёки бошқа тилда гаплаша олмаймиз. Нимага? Хусусий курсларга боринг, 3-4 ойда бола инглиз тилида гапириб кетади. Биз 11-12 йил ўқитамиз болани, у эски “Эккерсли” билан “Бонк” тилида гапиради. Америкада ҳам, Англияда ҳам бу тилда ҳеч ким гапирмайди. Бизда ҳамма дастурлар эскирган. Мактабники ҳам, олий ўқув юртиники ҳам эскирган. Шунинг учун буларни янгилаш керак
», деди Шерзодхон Қудратхўжаев

Шунингдек, сессия давомида Қарши давлат 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси Нилуфар Раҳимова таълим тизимидаги айрим камчиликлар ҳақида гапирди. Унинг айтишича, кўп ўқувчилар мактабда олган билимини ҳаётда умуман қўллай олмайди.

«Кеча президентимиз билан учрашувдаги суҳбатда ҳам айтилдики, Қашқадарё вилоятида олий таълимга кириш кўрсаткичи республикада 13-ўринда туради. Мен олийгоҳда она тили ва адабиёт соҳасини тамомлаганман. Мактабда русийзабон ўқувчиларга давлат тилидан дарс бераман. Дарсликларга эътибор қиладиган бўлсак, мавзулар орасида узвийлик йўқ. Абитуриентлардан ОТМга кириш пайтида мукаммал билимни талаб қилишади. Шунчалик қийин саволларки, тест жараёнидаги ҳар бир саволга жавоб бериш учун 3 дақиқа вақт ажратилади. Лекин ўша саволларни ҳатто тажрибали ўқитувчилар ҳам бунча қисқа вақт ичида ишлай олмайди.

Очиғини айтаман, кўп ўқувчилар мактабда олган билимини катта ҳаётда қўллай олмайди. Биз бундан кейин ҳар бир ўқувчимиз олган билимини ҳаётда қўллай олишига ҳаракат қилишимиз керак. Дарсликларимиз ўқувчини фақат олий таълимга киришга эмас, балки катта ҳаётга тайёрласин
», деди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Мактаблар ожиз бўлгани учун репетиторлик бизнеси гуллаб-яшнайди» - Халқаро пресс-клуб раиси