23:30 / 27.11.2020
1 151

“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Қонун бўйича билиш керак бўлган муҳим саволларга жавоблар

“Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги Қонун бўйича билиш керак бўлган муҳим саволларга жавоблар
1. Ушбу Қонуннинг аҳамияти нимада?
– Авваллари юртимизда геном ахборотини олиш, тўплаш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида қонунчиликда бўшлиқ бор эди. Мақсад ушбу бўшлиқни тўлдириш. Шу билан бирга Қонунда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этишда соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш масаласи қамраб олинди. Бу эса жиноятчиликка қарши курашишда самарали усул ҳисобланади.

2. Бундай Қонун хорижий амалиётда ҳам мавжудми?
– Норвегия, Озарбайжон, Корея, Малайзия, Швейцария, Канада, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси тажрибасида геном бўйича давлат рўйхатига олишга оид махсус қонунлар қабул қилинган.

3. Қонуннинг мақсади нимадан иборат?
– Мақсад геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш.

4. Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тушунчаси ўзи нимани англатади?
– Геном бўйича давлат рўйхатига олиш дейилганда ваколатли органлар ва муассасалар томонидан биологик материални ва геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, ундан фойдаланиш ҳамда уни йўқ қилиш ва муҳофаза қилиш бўйича амалга ошириладиган фаолият тушунилади.
Яъни, ушбу фаолият ягона маълумотлар базасидаги геномга оид ахборотдан фойдаланиш орқали одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

5. Фаолият қандай амалга оширилади?
– Ихтиёрий ёки мажбурий равишда.

6. Ихтиёрий равишда кимлар давлат рўйхатига олинади?
• Ўзбекистон фуқаролари;
• Ўзбекистонда яшаётган ёки вақтинча яшаб турган чет эл фуқаролари;
• фуқаролиги бўлмаган шахслар.
Ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш мазкур шахсларнинг ёзма аризасига асосан пулли асосда амалга оширилади.
Ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олинишни исталган босқичда рад этиш мумкин.
Бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.

7. Кимлар геном бўйича мажбурий равишда давлат рўйхатига олинади?
- оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;
оғир, ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва 16 - ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар;
- биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслар;
- таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари).

8. Геномга оид ахборотдан қандай мақсадларда фойдаланилади?
Бундай турдаги ахборотдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
- жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
- бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
- таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
- биологик қариндошликни аниқлаш.

9. Қонун қачондан бошлаб амалга киритилади?
– Мазкур Қонун 2023 йилдан бошлаб кучга киради.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)