11:05 / 21.12.2020
1 847

Бухоролик «юлдуз» прокурор лавозимига қайтди

Бухоролик «юлдуз» прокурор лавозимига қайтди
Жасур Фозилов
Ўзига нисбатан хизмат текшируви тайинланиши ортида вазифасидан вақтинча четлатилган Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов лавозимига қайтди. Айни хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ЎзА сўровига жавобан тасдиқлаган.

Прокурорнинг лавозимига қайтиши ўтказилган хизмат текширувида унинг устидан ёзилган шикоятдаги важлар тасдиғини топмаганини (мантиқан) билдиради. Бироқ хизмат текшируви натижаларига оид тафсилотлар ҳозирча очиқлангани йўқ.

Жасур Фозилов ижтимоий тармоқлар орқали Президентга видео мурожаат қилганидан сўнг «интернет юлдузи»га айланди. У ўз мурожаатида ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани, мазкур жараёнда қандай қонунбузилишлар аниқланса, бунга жавоб беришга тайёрлигини айтиб, республика бош прокурори ва унинг уч нафар ходимига алоқадор жиноятлар ҳамда бошқа маълумотларни фош этмоқчилигини маълум қилганди. Ўз навбатида Бош прокуратура расмий баёнот бериб, Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётгани, айни жараёнда у вақтинча лавозимидан четлатилганини маълум қилганди.

Бухоро шаҳри прокурори дастлаб 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожжат қилган бўлса, кўп ўтмай унинг бир эмас, яна бир нечта видеомурожаатлари тарқалганди.

Кетма-кет мурожаатлардан сўнг уларни ўрганиш учун Республика идоралараро комиссия тузилгани маълум қилинганидан ҳам хабарингиз бор.
Кенг жамоатчилик мазкур комиссия хулосасини интиқлик билан кутаётганига таъкид шарт эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Бухоролик «юлдуз» прокурор лавозимига қайтди