13:53 / 27.12.2020
2 233

Туркияга боришни режалаштираётган ўзбекистонлар диққатига!

Туркияга боришни режалаштираётган ўзбекистонлар диққатига!
2020 йил 26 декабрда Туркия Республикаси Ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишини чеклаш мақсадида қўшимча чораларни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси маълум қилди.

Ҳукумат қарорига кўра, Туркияга келаётган барча шахслар учун янги қоидалар жорий қилинди. Жумладан, 2020 йил 28 декабрдан бошлаб Туркияга авиа қатновлар орқали ва 2020 йил 30 декабрдан бошлаб эса қуруқлик ёки денгиз йўллари орқали кириб келувчи барча йўловчиларда мазкур мамлакатга киришдан 72 соатдан ошмаган вақт ичида топширилган ПЗР-тестнинг манфий жавоби бўлиши шарт.

Шу билан бирга, Туркияга ҳаво транспорти орқали келувчи барча шахслар самолёт бортига чиқишдан олдин олинган тест натижасини тақдим қилишлари шарт. Акс ҳолда уларнинг мамлакатга киришига рухсат берилмайди. Айнан ПЗР-тест натижаси талаб қилинмоқда, коронавирусга таҳлил ёки антитаначалар мавжудлиги тўғрисидаги бошқа маълумотномалар қабул қилинмайди.

Жорий қилинган чоралар 2021 йил 1 мартгача амал қилади.

Бундан ташқари, Туркия томони COVID-19 вирусининг янги штамми қайд этилган Буюк Британия, Дания, Италия, Германия ва Жанубий Африка Республикасига сўнгги ўн кун ичида сафар қилган сайёҳлар учун ўн кунлик карантинни ҳам жорий қилди. Изоляциянинг еттинчи куни олинган ПЗР-тест манфий натижа берган ҳолатда карантин муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин.

Шунингдек, ҳозирда Туркияда ҳафтанинг дам олиш кунлари қисман комендантлик соати жорий қилинган бўлиб, ижтимоий масофа сақланишини таъминлаш ва COVID-19 инфекциясининг оммавий тарқалишини олдини олиш учун жамият ҳаётида алоҳида жадвал асосида бошқа турли чекловларнинг ҳам қўлланилаётганлигини ҳисобга олиш лозим.

Юқорида келтирилган маълумотларга биноан, Ўзбекистон элчихонаси Туркияга ташриф буюришни режалаштираётган фуқароларимиздан ушбу чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлигига эътиборли бўлиш ҳамда Туркия Республикаси расмий идораларининг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларига амал қилишга чақирган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Туркияга боришни режалаштираётган ўзбекистонлар диққатига!