23:00 / 20.01.2021
3 041

Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган автобусда йўлкира нархи ошди

Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган автобусда йўлкира нархи ошди
Кеча 19 январ куни Транспорт вазирлигининг расмий телеграм каналида 20 январ кунидан бошлаб Тошкент автовокзалидан амалга ошириладиган автобус қатновлари ҳақида маълумот берилди. Унда кўрсатилган нархлар 4 январ куни берилган маълумотда кўрсатилган нархлардан бироз ошганини кўриш мумкин.

Масалан, 4 январ куни берилган маълумотда Тошкент-Жўш-Нурота йўналишида йўлкира нархи 60 000 сўм бўлган. Бугундан 65 000 сўмга оширилган. Тошкент-Навоий йўналиши эса 52 000 сўмдан 56 000 минг сўмга оширилган. Энг сезиларли нарх ошиши Тошкент-Хива ва Тошкент-Урганч йўналишларида кузатилган. Бу икки шаҳарга қатнов нархи 10 000 сўмдан ошган.

5 ва 20 январ куни «Тошкент» автовокзалидан амалга ошириладиган автобус қатновлар нархидаги тафовутлар:
Тошкент – Зарафшон чипта нархи 80 000 сўм;
Тошкент – Жўш – Нурота 65 000 сўм (аввалги нарх 60 000 сўм);
Тошкент – Хатирчи 50 000 сўм (ошмаган);
Тошкент – Навоий 56 000 сўм (аввалги нарх 52 000 сўм);
Тошкент – Бухоро 75 000 сўм (ошмаган);
Тошкент – Зарафшон 80 000 сўм;
Тошкент – Қоракўл 80 000 сўм (аввалги нарх 73 000 сўм);
Тошкент – Фориш 36 000 сўм;
Тошкент – Қарши 59 000 сўм (аввалги нарх 54 000 сўм);
Тошкент – Ўсмат 34 000 сўм (аввалги нарх 32 000 сўм);
Тошкент – Самарқанд 38 000 сўм (аввалги нарх 35 000 сўм);
Тошкент – Зомин 26 000 сўм (аввалги нарх 24 000 сўм);
Тошкент – Узун 108 000 сўм (аввалги нарх 100 000 сўм);
Тошкент – Денов 94 000 сўм (аввалги нарх 87 000 сўм);
Тошкент – Термиз 85 000 сўм (аввалги нарх 78 00 сўм);
Тошкент – Хива 125 000 сўм (аввалги нарх 115 000 сўм);
Тошкент – Урганч 125 000 сўм (аввалги нарх 115 000 сўм).

«Тошкент» автовокзалидан шаҳарлараро қатновлар нархи нега оширилди, шунга изоҳ олиш учун Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан боғландик. Унинг айтишича, бугун Тошкент автовокзалидан мамлакатимизнинг турли шаҳарларига қатновларни амалга ошираётган автобусларнинг аксарият қисми хусусий корхоналарга тегишли. Бугун турли йўналишларда қатновларни амалга ошираётган корхоналар тендер асосида танлаб олинган.

Бундай ташувчилар томонидан қандайдир сабаб билан йўлкира ошириладиган бўлса, аввал транспорт вазирлиги ҳузуридаги комиссияга нархлар оширилишининг сабаблари келтирилади. Шундан сўнг, комиссия розилиги билан нархлар оширилади. Ҳозирги нарх оширилиши ҳам шу тартибда бўлган. Йўлкира нархларининг кўтарилишига кўпинча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар нархининг ошиши сабаб бўлади.

Наврўз Ашурматовнинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарда ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчи ташиш транспорти хизматларининг тарифлари тўғрисида»ги Қарорига асосан 1994 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳар атрофидаги йўналишлар бўйича қатновчи автобуслар билан йўловчиларни ташишда шартномавий (эркин) тарифларга ўтилиши белгиланган. Ўшандан буён бу қонун амалда.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари учун чекланган тарифлар маҳаллий давлат ҳокимиятлари томонидан фақатгина шаҳар йўловчи ташиш транспортида (йўналишли ва линияли таксилардан ташқари) йўловчиларни ташиш хизматлари учун белгиланади.

«Рўйхатга қарасангиз, баъзи йўналишларда нарх ошган. Баъзиларида ўзгаришсиз қолган. Демак, қайсидир корхона харажатлари ошгани учун нархларни кўтарган, бошқаси ўзгаришсиз қолдирган» дейди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдан вилоятларга қатнайдиган автобусда йўлкира нархи ошди