07:45 / 04.02.2021
2 388

Жасур Умиров иши бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган терговчи ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Жасур Умиров иши бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган терговчи ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда
Жасур Умиров иши бўйича дастлаб жиноят иши қўзғатишни рад этган Каттақўрғон тумани ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълум қилди.

«Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлабки терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориб, юз берган ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги асос билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълумотида.

2020 йил сентябрида Kun.uz сайтида Самарқандда лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган қизнинг номусига тегилгани бўйича суриштируви эълон қилинганди. Унда хусусан, қизнинг яқинлари 2020 йилнинг 15 июнида Ж.Умиров устидан дастлаб Каттақўрғон тумани ИИБга мурожаат қилгани айтилганди.

Самарқанд вилоят ИИБ таҳририят йўллаган сўровига жавобан берган изоҳида мазкур ҳолатда Ж.Умиров ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, ЖПКнинг 36-моддаси, 83-моддаси 2-бандини қўллаб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинганди. ИИБ қизнинг яқинларига фуқаролик суди ҳамда турмуш қуриш масаласида Каттақўрғон тумани ФҲДЁ органига мурожаат қилишни тавсия этганди.

Мақола эълон қилинганидан бир кун ўтиб Самарқанд вилоят прокуратураси Каттақўрғон туман ИИБ ТБнинг жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилганда, бир қатор терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлиқ бажарилмагани, ЖПКнинг 22-моддасида талабларга риоя этилмаганлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан текшириб кўрилмасдан, шошма-шошарлик билан қабул қилингани аниқланганди.

Октябр ойида жиноят иши қўзғатилди, 21 декабр куни Жасур Умиров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

2 феврал куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида иш мазмунан кўрилиб, суд ҳукми билан хонанда ҳамда унинг икки нафар таниши айбдор деб топилди. Жасур Умиров беш йилга, унинг танишлари эса 1,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жасур Умиров иши бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этган терговчи ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда