12:15 / 19.02.2021
1 136

Ўқитувчига тарсаки туширган бувига нисбатан судга даъво аризаси киритилади

Ўқитувчига тарсаки туширган бувига нисбатан судга даъво аризаси киритилади
Фото: Видеолавҳадан скриншот
Куни кеча ижтимоий тармоқларда мактаблардан бирида ўқитувчи ўқувчининг бувиси томонидан куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиниб, юзига тарсаки туширгани ҳолати акс этган видео тарқалди.

Халқ таълими вазирининг Назорат–ҳуқуқий хизмати томонидан ҳодиса 2020 йилнинг 15 февраль куни Китоб тумани Халқ таълим бўлимига қарашли 85-умумтаълим мактабида юз берганлиги аниқланди.

«Маълум бўлишича, мактабда фан амалиёти ўтаб, 5-синфда дарс машғулотлари олиб бораётган Қарши давлат университетининг тарих факультети 4–курс талабаси Бобоназар Хуррамов ўқувчининг тартибсизликка йўл қўйгани, уй вазифасини бажармаганлиги боис танбеҳ берган.

Ўқитувчининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказганлиги учун ўқувчининг бувисига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197(5)-моддасига асосан маъмурий иш қўзғатиш тўғрисида ариза киритилаётганини маълум қиламиз.

Ҳурматли ота-оналар!

Сизлар томондан ўқитувчиларга қилинаётган ҳар қандай ножоиз муносабат боланинг онгига салбий таъсир қилиб унда ўқитувчи ва мактабга нисбатан ҳурматсизлик ҳиссини янада авж олдиради. Фарзандларингизга мактаб муқаддас даргоҳ, ўқитувчи эса ҳурматли инсон эканлигини уқтириб боринг, акс ҳолда кейинги пушаймон ўзингизга душман бўлиши мумкин!

Ҳурматли ўқитувчилар!

Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонунинг 45-моддасига асосан сизнинг ҳуқуқларингиз, шаънингиз, қадр-қимматингиз ва ишчанлик обрўингиз давлат ҳимоясида.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197(5)-моддасига кўра ҳеч ким сизнинг хизмат вазифаларингизни бажаришига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас. Шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда сиз тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

«Талим тўғрисида»ги Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасида таълимнинг устуворлиги таъминланган.

Сизга бу борада ҳуқуқий маслаҳат зарур бўлган тақдирда «Устоз овози» виртуал инспекторига ёҳуд ҳудудингиздаги вазирнинг Назорат–ҳуқуқий Хизматига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шаънингиз ва қадр-қимматингиз поймол бўлишига йўл қўйманг!», — дейилади ХТВ хабарида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўқитувчига тарсаки туширган бувига нисбатан судга даъво аризаси киритилади