20:27 / 12.03.2021
2 334

Ўзбекистонда пенсия тарқатиш ҳуқуқи «Халқ банки»дан олиб қўйилиши мумкин

Ўзбекистонда пенсия тарқатиш ҳуқуқи «Халқ банки»дан олиб қўйилиши мумкин
Молия вазирлиги «Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Унга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсия ва нафақаларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг ихтиёрида қолдирилади.

Бундан ташқари, пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, республиканинг барча ҳудудларида пенсия ва нафақаларни тўлаш Президентнинг 2017 йил 13 мартдаги ПҚ-2820-сон қарори билан 2017 йил 1 июлдан бошлаб фақат «Халқ банки» томонидан амалга оширилади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда пенсия тарқатиш ҳуқуқи «Халқ банки»дан олиб қўйилиши мумкин