10:40 / 13.03.2021
697

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Адлия вазирининг ахбороти эшитилди

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Адлия вазирининг ахбороти эшитилди
12 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда адлия вазири Р.Давлетовнинг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Адлия вазири ўз ахборотида ҳуқуқий ахборот тайёрлаб тарқатилганлиги билан, ахборот етказиш воситалари қай аҳволда деган масала ҳал қилувчи бўлиб қолаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Вазир томонидан аҳоли ўзига керакли ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали олаётганлигини айтиб, жаҳонда интернетдан фойдаланиш ва унинг нархлари бўйича маълумотларни келтирди. Хусусан, 1 гб мобиль интернет Ҳиндистонда 950 сўм, Исроил – 1200 сўм, Қирғизистон – 2200 сўм, Италия – 4500 сўм, Украина – 4900 сўм, Қозоғистон – 4900–5000 сўм бўлса, Ўзбекистонда (54-ўрин) 16 000 сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, вазир томонидан Ўзбекистонда 34 млн аҳолига 19 та телеканал ва 14 та радиоканал мавжуд бўлиб, уларнинг 25 фоизигина ахборот етказиш билан шуғулланиши, қолганларида эса кўнгилочар мавзулар ёритилиши, дунё давлатларига назар ташланса, АҚШда
8 000 дан ортиқ (аҳолиси 332 млн), Россияда 3 300 та (146 млн), Буюк Британияда 1 000 дан ортиқ (68 млн), Қозоғистонда 90 дан ошиқ, Беларусда 50 га яқин, Украинада 600 дан кўпоқ телеканал мавжудлиги айтиб ўтилди.

Адлия вазири ҳуқуқий ахборни кенг аҳоли қатламига етказишда босма ОАВ ва китобларнинг аҳамияти муҳимлигини, Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016 – 2019 йиллар оралиғида Республикамизда чоп этилган китоб ва брошюралар бирлиги қарийб 600 тага, адади эса 7 млн нусхага камайганлиги, газета ва журналларнинг йиллик тиражи шу муддатда қарийб 2 бараварга қисқарганлигини таъкидлади. Бу ҳолат эса китоб бозорининг янада кичрайиб, соҳанинг рентабеллиги пасайишига ва аста-секин сўниб боришига олиб келади.

Адлия вазири ўз ахборотида ҳуқуқий маълумотлар ва ахборотлар чоп этилган китоблар, газета ва журналлар жойларга етиб бориши суст даражада эканлигини айтиб, ривожланган почта хизматини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади. Хусусан, сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг матбуот тарқатишдаги улуши 13 % ташкил этмоқда. Почта алоқаси етказиб бериш участкалари сони эса 4800 тадан 3571 тага, қишлоқ жойларда 2893 тадан 2062 тага камайган.

Бундан ташқари, Адлия вазир томонидан босма, электрон газета ва журналларни ва китобларни аҳолининг истеъмол саватчаси таркибига киритиш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини алоҳида таъкидланди.

Вазир ўз ахборида қоғоз маҳсулотларининг нахларига эътибор бериш лозимлигига ҳам тўхталиб, қоғознинг бозор нархи сўнгги тўрт йилда бир тонна офсет қоғоз учун ўртача 1 000 АҚШ долларини ташкил қилганлиги, бироқ инфляция ҳисобига босма ахборот тарқатиш нархи қимматлашиб кетаётганлиги айтиб ўтилди.

Интернет ва энергия билан боғлиқ муаммолар борлиги сабабли аҳолига босма шаклда ахборот етказиш усулидан ҳозирча воз кечмаслик кераклиги Адлия вазири томонидан таъкидланди.

Шунингдек, вазир томонидан тарғибот қилишга барча давлат органи ва ташкилотлари бирдек масъул эканлигини, чунки адлия органлари ходимлари ҳамма соҳалар бўйича универсал мутахассис эмаслигини айтилди.

Адлия вазири айрим давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолияти қониқарсиз даражада эканлигига тўхталиб ўтди. Хусусан, 2020 йил давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 52 та ҳолат содир бўлди: 39 нафар фуқаро жабрланган, 61 киши вафот этган. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилганида бундай ачинарли ҳолатлар камайган бўларди.

Бу борада “Ўздавнефтгазинспекция” ва “Ўздавэнергоназорат”, Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини янги босқичга кўтариш кераклиги айтилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Адлия вазирининг ахбороти эшитилди