12:30 / 16.03.2021
2 201

«Бу сотқинлик, ‘козёл’лик-ку, деб мен ҳам айтаман» - Расул Кушербаев

«Бу сотқинлик, ‘козёл’лик-ку, деб мен ҳам айтаман» - Расул Кушербаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев тадбиркорлар томонидан фото ва видеофиксация воситаларининг ўрнатилиши, кўчаларда фуқароларнинг қоидабузарликларни шахсий телефонларига сурат олиб юборилиши бўйича ўз фикрларини билдирди, деб ёзади «Gazeta.uz».

Кушербаев шахсий муносабатини нафақат депутат сифатида, балки барча қатори ҳайдовчи позициясидан билдираётганини айтган.

«Тадбиркорларнинг радар қўйиши ҳақида гапирадиган бўлсам, омадини берсин, қўяверишсин. Мен ҳам депутат сифатида ‘ҳа бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, у ёқ, бу ёқ’, деб фикрларга қўшилишим мумкин. Лекин оддий фуқаро, ҳайдовчи сифатида айтадиган бўлсам, бу одамларнинг психологиясига жуда ёмон таъсир қиляпти. Биз етарли инфраструктура яратмай туриб ҳамма жойга радар қўйдик, яна телефонда суратга олиб, жўнатворса пул беради деб… Қўпол қилиб айтганда ‘козёл’лар жамиятига ўхшаб кетяпти», — дейди у.

Депутат «мен ҳам оддий инсонман. Бу «сотқинлик, ‘козёл’лик-ку, деб мен ҳам айтаман», — дея сўзида давом этган.

«Аввало, сен кимгадир шуни қўллаётган бўлсанг, шунинг ўрнида ота-онанг ёки ўзинг бўлишингни тасаввур қил, ўзингдан ўтказгин. Агар ўзингда оғримаса, шуни қил, деган бўлар эдим. Балки, бу инсонлар учун синовдир. Лекин мен шуни билдимки, ўзининг фойдаси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одамлар кўп экан. Уларга 10-15 минг сўм беряптими, эртага 100 минг сўм бериб, ватанингни сот, деса ҳам сотворишга тайёрлар кўп экан. Бу жуда ёмон. Вақти келиб бу тўхтар. Агар менинг қўлимда бўлганида тўхтатган бўлар эдим», — дея таъкидлаган Кушербаев.

Қуйи палата депутати жорий қилинаётган тартиблар бирор қонун билан белгилаб берилмаганини, балки ҳукумат ёки вазирлар ва идоралар қарорлари, қонуности ҳужжатлар билан тасдиқланаётганини қўшимча қилган.

У, шунингдек, бунинг оқибати қандай бўлишига эътибор қаратган.

«Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказяпти. Яна бир марта айтаман, бу яхшимас аслида. Лекин профилактика учун деб кимлардир айтаётгандир, тўғрисини айтсам, мен бунга қўшилмаган бўлар эдим. Бу қандай тарбия? Сотқинларни етиштириб чиқараётганга ўхшаб қолаяпти-да. Бу эртага нима оқибатларга олиб келиши мумкин? Яъники, шундан қайтмаган одам, эртага бундан ҳам оғирроқ нарсани таклиф қилсангиз ‘пул учун тап тортмайдиган одамларни’ яратиб қўймаяпмизми, деган жойи ҳам бор. Бироқ иккинчи томони йўлларда тартиб бўлишига шароит яратиб беради», — деган Расул Кушербаев.

Депутат танганинг иккинчи томонини ҳам инобатга олиш лозимлигини қайд этган.

«Лекин ‘парковка’ масаласи, йўлларнинг аҳволи — таъмирталаблиги, баъзан мажбур бўлиб қоидани бузиб қўяди. Ҳамма шароит қилиб қўйилган бўлса, ўшанда ҳам одамлар очиқчасига [қоида] бузаётган бўлса, бу ҳаддидан ошибди, мана шу ерга қилиш керак, яъни бошқалар ҳам расмга олиб жўнатаверсин, дер эдим. Лекин ҳалигача инфратузилманинг ўз яхши қилиб берилмаган-ку. Баъзи жойларда, бозорлар ва йирик савдо мажмуалари атрофида ‘парковка’нинг ўзи йўқ. Марказда ишхоналар жойлашган жойга боринг, айланиб юраверасиз қаерга қўйишни билмай. Касалхоналарни олдида шароит йўқ. Мажбур бўласиз қоидани бузиб қўйишга», — дейди Кушербаев.

Мазкур видео аввалроқ эълон қилиниб, айрим сабабларга кўра ўчириб ташланган эди. Депутат ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар сабаб қайта жойлаганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойида «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, 1 мартдан бошлаб тадбиркорларга йўл ҳаракати бузилганини қайд этувчи камера ва радарлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » «Бу сотқинлик, ‘козёл’лик-ку, деб мен ҳам айтаман» - Расул Кушербаев