15:20 / 16.03.2021
904

Тошкентда йўналишли ва хусусий таксиларда ҳам карантин қоидалари назорати кучайтирилади

Тошкентда йўналишли ва хусусий таксиларда ҳам карантин қоидалари назорати кучайтирилади
«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати раҳбари Азимжон Маҳамаджонов Kun.uz мухбирига пойтахтда жамоат транспортида кучайтирилган карантин қоидалари юзасидан қўшимча изоҳ берди.

— 15 март куни жамоат транспортларида карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар эълон қилинди. Мазкур хабарда жамоат транспортининг қайси турлари назарда тутилган?

— Ушбу хабарда фақатгина автобусларда эмас, балки метрополитен, микроавтобус, йўналишли ҳамда хусусий таксиларда ҳам карантин қоидаларини кучайтириш назарда тутилган. Яъни ушбу турдаги барча транспорт воситаларидан фойдаланадиган йўловчиларимиз карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ва тиббий ниқобсиз ҳаракатланмасликлари керак бўлади.

— Бу қандай тартибда жорий этилади ёки қай тарзда назорат қилинади?

— «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ ҳамда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан биринчи навбатда барча мавжуд дезинфекцион воситалар қайтадан кўрикдан ўтказилади ҳамда қўшимча воситалар жалб этилади. Ҳар бир жамоат транспорти йўналишга чиқишдан аввал ва ҳар бир рейсни тугатгандан сўнг автошоҳбекатларда дезинфекция қилинади.

Шунингдек, саройдан чиқишидан аввал ҳамда ҳар бир йўналишдан сўнг ҳар бир ҳайдовчининг тана ҳарорати мунтазам ўлчаб борилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳайдовчига автобус саройи томонидан махсус тиббий ниқоб ва қўлқоплар берилади. Ҳайдовчиларнинг улардан фойдаланиш ҳолати қатъий назоратга олинади. Метрополитендан фойдаланадиган йўловчилар тиббий ниқобсиз киритилмаслиги ҳам доимий тушунтириб борилади.

— Бу каби чоралар кўрилишига аслида сабаб нима? Ёки яна қатъий карантин ҳолати қайтиши кўзда тутилмоқдами?

— Йўқ, аслида бу каби тадбирлар юртимизга пандемия кириб келганидан буён мунтазам ташкил этиб келинган, аммо сўнгги кунда мавсумий инфекциялар кўпайгани ва Covid-19’нинг янги штаммлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида бу чораларни янада кучайтириш лозим деб топилди.

— Юртдошларимиз жамоат транспортидан фойдаланган вақтлари яна қандай чоралар кўриши тавсия этилади?

— Aвваламбор, барча йўловчилардан контактсиз тўлов воситаларидан фойдаланишни сўраб қоламиз, шунингдек, жамоат транспортида ҳаракатланаётган вақтлари карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишлари, масофани сақлаган ҳолда туришлари тавсия этилади. Жамоат транспортида тиббий ниқобсиз ҳаракатланмаслик талаб этилади. Зеро, биз ўзгаларнинг ҳам саломатлигини унутмаслигимиз керак.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тошкентда йўналишли ва хусусий таксиларда ҳам карантин қоидалари назорати кучайтирилади