00:30 / 25.03.2021
1 041

Танзила Норбоева: «Жазолар енгил, шу сабабли жиноятлар ортмоқда»

Танзила Норбоева: «Жазолар енгил, шу сабабли жиноятлар ортмоқда»
Фото: nova24.uz
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 24 март куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Repost.

Маълум қилинишича, шу кунгача кўрилган чоралар натижасида одам савдосига боғлиқ 93 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 51 таси — жинсий фойдаланиш, 3 таси — меҳнатда фойдаланиш, 39 таси чақалоқлар савдосига боғлиқ жиноятлар.

«Енгил жазоларни қўллаш — бу тушунарсиз вазият, айниқса, одам савдоси билан шуғулланаётганларга нисбатан. Бир неча йил олдин машина ўғрилари кескин камайди, бунга автомобиль ўғирлаш бўйича содир этилган жиноятларга қаттиқ жазолар жорий этилгани сабаб бўлган. Чақалоқ савдоси автомобиль савдосидан оғирроқ жиноят бўлса керак?! Одам савдосига боғлиқ айбдорларнинг барчасини жиноий жавобгарликка тортиш керак», — дейди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева.

Таъкидланишича, 2020 йилда одам савдоси билан боғлиқ 1029 та мурожаатдан 93 тасига (9 фоиз) жиноий иш қўзғатилган ва 129 ҳуқуқбузарга нисбатан қонуний чоралар кўрилган. Ушбу кўрсаткичлар 2019 йилга нисбатан пасайган.

Шу билан бирга, 2020 йилда вояга етмаганлардан тижорат мақсадларида шахсий фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар сони 2019 йилга нисбатан 6 баравар ошган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 38 фоизни, 2019 йилда эса 44 фоизни ташкил қилган. 2017—2020 йилларда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган. Таҳлилларга кўра, ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31 фоизи оғир ижтимоий аҳволда эканлиги сабабли, 17 фоизи ҳомилани яшириш, 52 фоизи эса моддий манфаат топиш мақсадида ушбу жиноятларни содир этган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Танзила Норбоева: «Жазолар енгил, шу сабабли жиноятлар ортмоқда»