14:16 / 26.03.2021
617

Божхоначилар катта миқдордаги қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахсларни қўлга олишди

Божхоначилар катта миқдордаги қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахсларни қўлга олишди
Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда мўмай даромад кетидан қувиб юртдошларимиз соғлигига зиён етказиши мумкин бўлган шахсларнинг қинғир қилмишларига чек қўйишди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида сифати кафолатланмаган, шунингдек қалбакилаштирилган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализацияси билан шуғулланиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди.

Жумладан, мазкур тумандаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ер хонадон эмас, аксинча ўзига хос яширин савдо плафтормаси эканлиги маълум бўлди.

Бу ерда тезкор алоқа линияси – «Сall Centre» ташкил қилинган бўлиб, 150 нафарга яқин алоқа операторлари сифати кафотланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни мижозларга ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Тезкор тадбир давомида хонадонда, яъни дорихонадан ташқари ҳудудда келгусида сотиш учун мўлжаллаб қўйилган 96 622 дона дори воситалари ва тиббий буюмлар, 72 902 қути биологик фаол қўшимчалар қонунга хилоф равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Мазкур дори ва қўшимчалар жинсий қувватни оширувчи, оздирувчи, семиртирувчи, гижжаларга қарши, юрак фаолиятини яхшиловчи ва бошқа мақсадлар учун кўзланган.

Аянчлиси шундаки, хонадондаги қадоқловчи ускуналар, ярим тайёр маҳсулотлар ва бўш қутиларни кўриб хулоса қилса бўладики, мазкур дори ва биологик фаол қўшимчалар шу ернинг ўзида бўш қутиларга қадоқланган, қутилар учун ёрлиқлар, қўллаш учун йўриқномалар ҳам шу ердаги рангли принтерда чоп қилинган.

Бундан ташқари келиб чиқиши номаълум бўлган, таблетка, кукун ва бошқа турли шакллардаги моддалардан қўлбола усулда қадоқланган дори ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализациясида фаол иштирок этган шахслар ҳам турли даражада рағбатлантириб келинган.

Шу мақсадда хонадонда совға учун мўлжалланган – 5521 дона товарлар – парфюмерия воситалари, ошхона анжомлари, телефон аксессуарлари ва бошқалар сақланаётганлиги аниқланди.

Бундан ташқари «Сall Centre» фаолиятида фойдаланиб келинган 202 та монитор, 196 та процессор, 10 та ноутбук, 1 дона рангли принтер, товарларга тегишли юк хатлари, ноқонуний савдо қайд қилиб борилган ҳисоб дафтарлари ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шундай қилиб ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир натижасида дастлабки қиймати 9 млрд. 179 млн. сўмлик дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Божхоначилар катта миқдордаги қалбаки дориларни қадоқлаб сотишга уринган шахсларни қўлга олишди