22:02 / 31.03.2021
3 235

Бир эркак ва бир аёлни ЛГБТ вакиллари деб ўйлаб калтаклаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Бир эркак ва бир аёлни ЛГБТ вакиллари деб ўйлаб калтаклаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Тошкент марказидаги Амир Темур майдонида ЛГБТ ҳаракатига қарши йиғилиб, ўша ердан ўтиб кетаётган икки шахсни ҳаракат вакили деб ўйлаб, калтаклаган шахслар ушланди, дея хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

Тошкент шаҳар Амир Темур майдонида 28 март куни бўлиб ўтган тартибсизликлар вақтида жабрланган фуқароларнинг шикояти акс этган аудио ва видеоёзувлар тарқалди. Вазият Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олиниб, жиноий иш қўзғатилган.

Бошқарма томонидан тартибсизликда иштирок этган ва жабрланганлар терговга жалб қилинган.

Маълум қилинишича, 28 март куни ЛГБТ’ни қўллаб қувватловчи шахслар Амир Темур майдонига йиғилмоқчи бўлган. Уларга қаршилик кўрсатиш мақсадида 25-30 нафар фуқаро келиб, ўша ердан ўтиб кетаётган икки нафар шахсни ЛГБТ тарафдорлари сифатида кўришиб, уларга тан жароҳати етказган.

«Амир Темур хиёбонида кўрган одамларни таниб олдим. Ички ишлар ходимларига уларни жазосиз қолдиришмагани учун ҳам раҳмат», – дейди жабрланувчи аёл.

Шунингдек, жабрланувчи эркак ҳам айбдорларни топишда ёрдам бергани учун ИИО ходимларидан миннатдорлигини айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов натижаларига кўра ҳуқуқий баҳо берилиши таъкидланди.

Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББнинг ушбу видеохабари бошқарманинг Telegram-каналидан ўчириб юборилди. Бироқ, видео бошқа каналларда тарқалишига улгурди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўпланганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЛГБТ фаолларига қарши норозилик ҳолатидан сўнг 12 киши ушланганини маълум қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шербек Бўронов, Гулбаҳор Сайдғаниева ва Гулруҳ Агзамова сўнгги кунларда Тошкентда юз берган воқеаларга ўз муносабатларини билдирди.

Депутат Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботига қарши «юмшоқ жазо»ни кучайтиришга, Расул Кушербаев эса провокаторларга чора кўришга чақирди. Кейинроқ ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилган блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилгани маълум қилинди. Ушбу можаролар ҳақида 30 март куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам муносабат билдириб, халқаро ташкилотларни Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олишга чақирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир эркак ва бир аёлни ЛГБТ вакиллари деб ўйлаб калтаклаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди