15:30 / 20.04.2021
1 682

«Ичан қалъа» ҳудудида қадимий қудуқ топилди


«Ичан қалъа»да қадимий қудуқ топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда Хива шаҳри, хусусан, шаҳарнинг қадимий қисми ҳисобланган «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонаси ҳудудида туризмни ривожлантириш ва хорижлик меҳмонларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ҳамда музей қўриқхонаси ҳудудида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолининг маиший турмушини яхшилаш, шаҳарнинг ичида коммуникация, ичимлик ва оқова сувлар, газ таъминоти тизимларини янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда музей қўриқхонаси ҳудудида ҳукумат қарори билан 1980-1990 йилларда ётқизилган мавжуд эски ичимлик ва оқава сув тизимлари ер тагидан қазиб олиниб, уларни тубдан янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

ФА хабарига кўра, куни кеча «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонаси ҳудудидаги таъмирлаш ишлари чоғида бундан бир неча йиллар олдин ёпиб ташланган қудуқ оғзи очилди. Унинг ноанъанавий кўриниши турли хил фаразларга сабаб бўлмоқда.

Бу қудуқ бошқа сув қудуқлари каби пастдан тепага торайиб кетмасдан, унинг барча қисмида диаметри бир хил, яъни 2,60 метрни ташкил қилади. Чуқурлиги 5,60 метрга тенг.

Қадимги анъанага кўра, қудуқнинг асоси, яъни пойдевор қисмига Хоразм шароитида кўп учровчи дарахт, тут ёки гужумдан ёғоч пойдевор ўрнатилган. Ёғочнинг қалинлиги 16 сантиметр атрофида. Қудуқ деворларига 25х25х6 сантиметр ўлчамдаги пишган ғишт нозик дид билан терилган. Ғиштлар юзасида ромбсимон белгилар мавжуд.

Маълум қилинишича, қудуқ бундан тахминан 100-150 йил олдин қурилган. Ҳозирги кунда мазкур қудуқдан айнан нима мақсадда фойдаланилгани масаласи илмий жиҳатдан ўрганилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ичан қалъа» ҳудудида қадимий қудуқ топилди