15:10 / 22.04.2021
2 350

Адлия вазирлиги: янги қонун лойиҳаси ерга бўлган ҳуқуқни мустаҳкамлашга хизмат қилади


Адлия вазирлиги томонидан “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди (https://regulation.gov.uz/uz/d/42584).

Таклиф этилаётган Қонун лойиҳаси ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган бўлиб, жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари бўйича тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун сифатида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибининг такомиллашиши, низоли вазиятларни олдини олиниши ва ушбу соҳада пайдо бўлиши мумкин бўлган низолар самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

Нима учун алоҳида қонунга эҳтиёж туғилди?
Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, шунингдек, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган объектларни бузиб ташлаш кўплаб давлатларда долзарб муаммо ҳисобланади ва ушбу масалаларнинг лозим даражада ҳуқуқий тартибга солинмаслиги аксарият ҳолларда аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлади.

Мамлакатимизда Ҳукумат қарори даражасида тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги низом ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга оид бир қатор масалаларни тартибга солди.

Бироқ, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини кучайтириш борасида қонун даражасида ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар сақланиб турибди. Зеро, ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишининг аниқ тартиб-таомиллари ва механизми Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ҳам аниқ белгиланмаган.

Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш соҳасидаги хорижий тажрибада, бу каби ўта муҳим ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар айнан қонун даражасида тартибга солинган. 

Масалан, шундай қонунлар Япония (“Экспроприация тўғрисида”ги Қонун), Корея Республикаси (“Ер учун компенсация бериш тўғрисида”ги Қонун), Швеция (“Экспроприация тўғрисида”ги Қонун), Финляндия (“Экспроприация тўғрисида”ги Қонун), Эстония (“Кўчмас мулкни экспроприация қилиш тўғрисида”ги Қонун) ва бир қатор бошқа давлатларда қабул қилинган. 
 
Жамоат эҳтиёжлари нима эканлиги аниқ белгилаб олиниши керак 
Ушбу қонун лойиҳасида фақат “жамоат эҳтиёжлари” ибораси қўлланилмоқда ва мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида ўрнашиб қолган “давлат ва жамоат эҳтиёжлари” тушунчасидан воз кечилмоқда.

Жамоат эҳтиёжлари тушунчаси нима эканлиги аниқ ва тугал белгилаб қўйилмас экан уни турлича талқин қилиш, хусусий эҳтиёжларни ёки тижорат эҳтиёжларни жамоат эҳтиёжи сифатида талқин қилишга уринишлар бўлиб туради. 
Шу боис қонун лойиҳасида ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, “бошқа ҳолатлар” каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилди.

Энг муҳими “инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш” ер участкасини олиб қўйиш учун асос бўла олмаслиги назарда тутилмоқда ва инвестор ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмаслиги белгиланмоқда. 
 
Қонун лойиҳаси қабул қилинса, ер участкасини осонликча олиб қўйиб бўлмайди
Қонун лойиҳаси биргина ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилингунгача ташаббускор камида 6 та босқичдаги жараёнлардан ўтишига тўғри келади, шу жумладан мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш каби мажбурий шартларни бажариши лозим бўлади. 

Фақатгина шундан сўнг маҳаллий кенгашлар томонидан ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси жамоат эҳтиёжларига хизмат қилади деб топилса, мулкдорлар билан музокарага киришади ва уларнинг ҳар бирининг розилигини олмагунча ҳамда компенсациялар тўлиқ берилиб, кўчмас мулклар бўшатиб қўилмагунча ҳеч ким уни бузиш, яъни “снос” ҳақида гапира олмайди.

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида унга тегишли бўлган мулкни эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатларга, шу жумладан турар жойни коммуникация воситаларидан узиб қўйиш, кўчмас мулк объектига кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб қўйиш, муносиб ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилувчи шароит яратишгайўл қўйилмайди.
 
Жараён мисли кўрилмаган шаффофлик стандартлари асосида юз беради
Фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда мазкур йўналишда шаффофликни таъминлаш мақсадида, Қонун лойиҳасида ер участкасини компенсация эвазига олиб қўйиш ташаббусининг очиқ муҳокамасини ўтказишга оид қуйидаги мисли кўрилмаган стандатлар белгиланган:
- ташаббускор томонидан очиқ муҳокама ўтказилиши жараёнининг мажбурий тартибда аудио ва видео қайд қилиниши таъминланиши;
очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши
 ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шартлиги;
очиқ муҳокаманиўтказиш жойи кўпчилик ҳуқуқ эгаларининг яшаш жойига яқин бўлиши кераклиги;
- очиқ муҳокамада ҳуқуқ эгаларининг учдан икки қисми қатнашганда очиқ муҳокама ўтказилган ҳисобланиши;
- ташаббускор ҳуқуқ эгаларига очиқ муҳокамада онлайн қатнашиш имкониятини яратиши шартлиги.
Қолаверса, маҳаллий Кенгашларнинг ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш бўйича мажлислари тўлиқ шаффоф тарзда ОАВ ва мулкдорларнинг бевосита иштирокида ўтказилади. Қабул қилинган қарорларнинг барчаси очиқ эълон қилинади.
 
Компенсация беришнинг аниқ қоидалари ўрнатилмоқда
Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда қуйидаги масалалар аниқ ечимини топади:
компенсация берилишининг аниқ қоидалари ўрнатилади;
- компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоийнормани ҳисоблаш қоидалари белгиланади;
- битта маҳалла ёки кўчада яшовчи ҳуқуқ эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий қадриятларини сақлаб қолишмақсадида, ҳуқуқ эгаларининг хоҳишига кўра битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп қаватли уйдаги квартиралар) берилиши мумкинлиги назарда тутилади;
- компенсация ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторинги Кўчмас мулк объектлари Давлат реестри ягона электрон ахборот тизими орқали амалга оширилиши кўзда тутилади.
 
Кўчмас мулкни бузиб ташлаш ҳақидаги қарорни ҳокимлар эмас маҳаллий кенгашлар қабул қилади
Қонун лойиҳаси билан кўчмас мулкни бузиб ташлаш ҳақидаги қарорни қабул қилиш тартиби ўзгаряпти, унга кўра бу каби қарор ҳокимлар томонидан эмас Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилади.
Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳалари адлия органлари томонидан кўриб чиқилиб, ижобий хулоса берилганидан кейин қабул қилиниши мумкин бўлади. 
***
Таклиф этилаётган Қонун лойиҳаси мазкур масалаларга оид бўлган муаммоларни бартараф этиш ва вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни самарали ҳал қилишга йўналтирилган.
Шу муносабат билан, жамоатчиликни, журналист ва блогерларни, мутахассисларни мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишга чақириб қоламиз!

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: янги қонун лойиҳаси ерга бўлган ҳуқуқни мустаҳкамлашга хизмат қилади