11:30 / 23.04.2021
1 168

Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинди

Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинди

23 апрель куни Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси келтирилди. Вакцинани етказиб беришда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси амалий кўмак берди, деб ёзади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Февраль ойининг ўрталарида Ўзбекистон Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасидан мамлакатда оммавий фойдаланиш учун сертификатлади ва тасдиқлаган эди. Ушбу вакцинани сертификатлаш жараёни ишлаб чиқувчилардан керакли ҳужжатлар, хусусан, вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларини олгандан кейингина бошланган.

Ўзбекистонга аҳолини эмлаш учун олиб келинадиган «Спутник V» вакцинасининг ярмини тадбиркор Алишер Усмонов молиялаштирган. Олдинроқ ушбу вакцинадан жами 1 миллион доза сотиб олиниши режалаштирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бугунги кунда 1 миллион 660 минг доза вакцина бор. Уларнинг 660 минг дозаси COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси, 1 миллион дозаси — Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси. Ўзбекистонга апрель охирига қадар яна 1 миллион дона Хитой ва 300 минг дона «Спутник V» вакциналари олиб келиниши маълум қилинган.

1 апрелдан бошлаб 65 ёшдан катта ва тиббиёт ходимларини ўзбек-хитой ва AstraZeneca вакциналари билан эмлаш ишлари бошланган. Ушбу вакциналарнинг қўшимча дозаларини олиб келиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинди