16:50 / 24.04.2021
2 552

Ўзбекистонда ишсиз фуқаролар қанча экани айтилди


Олий Мажлис Сенатининг 23 апрель куни ўтказилган 14-ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистондаги ишсизлар сонини маълум қилди.

«Ҳозирда юртимизда 1 миллион 600 минг аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилаётган бўлса, уларнинг 805 мингдан ортиғи 16—30 ёшдаги ишсизлардир. Шунингдек, 2021 йилда меҳнат бозорига жами 560 минг битирувчи кириб келади. Натижада жорий йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 миллион 365 мингдан ортиқни ташкил қилади. Айнан шунинг учун ҳам 2021 йилдаги давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган», — деган у.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг январида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг қарийб 55 фоизини ташкил этишини маълум қилганди.

Давлат раҳбари апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида раҳбарларни ишсиз ва хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар масаласи билан ишламаётганини танқид қилганди.

«Ҳар бир вилоят 4 нафар раҳбарининг виждони бўлса, вилоят ҳокимига келиб айтиши керак, ‘Мен 35—40 фоиз ойлигимни давлатга тўлайман’, деб. Нимага десангиз, ҳар бир маҳалла, туманда 15, 20, 30 фоиз фуқаро чет элда юрибди. Улар учун ойлик оляпсизлар-ку. Нимага уларни бир ойда бўлмаса ҳам, икки ойда бир эсламайсизлар? Қаерда юрибди у бечора, қандай сарсон-саргардон юрибди? Унинг муаммоси қандай? Жуда бўлмаса, битта телефон қилиб ‘қариндошинг, болаларинг тинчми?’ деб сўрамайсизлар, ойликларингни топширмаган бўлсаларинг ҳам», — деган эди Президент.

Президент 13 апрель куни ёшлар масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистондаги 648 минг нафар ишсиз йигит-қиз «ёшлар дафтари»га киритилган бўлса, шундан биринчи чоракда 282 минг нафарининг бандлиги таъминланишини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашганди ва 27 минг нафар ишсизга 20 миллиард сўмга яқин нафақа тўлаб берилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов янги таҳрирдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун кучга кириши билан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ҳам ўзгариши ва 80 мингга яқин ишсиз фуқарга нафақа тайинланишини айтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ишсиз фуқаролар қанча экани айтилди