20:12 / 27.04.2021
4 254

Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара бўйича музокаралар юзасидан изоҳ берди


Фото: akipress.org

Қирғизистон президенти АКИpress учун берган интервьюсида чегара бўйича музокаралар дастлабки босқичда эканлигини айтиб ўтди.

«Хоҳлаймизми, йўқми, чегаралар билан боғлиқ масалани музокаралар ва участкалар алмашиш орқали ҳал қилиш керак», деган Жапаров.
У аввалги ҳукумат чегара масалаларини ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилгани ва аҳоли бундан чегараларга симлар тортилганидан кейингина хабардор бўлгани ҳақида айтиб ўтган.
«Аввалги ҳукуматнинг хатоларини такрорламаслик учун дастлаб одамларга кўрсатамиз, уларнинг розилигини оламиз ва қарор чиқарамиз. Бизнинг сиёсатимиз шундай. Назарий жиҳатдан ҳаммаси ёпиқ эшиклар ортида ўтиши керак, кўплаб ҳужжатлар махфий ҳисобланади. Аммо биз халқнинг фикрини инобатга оламиз», дейди Қирғизистон президенти.

У чегара масаласи битта имзоланган протокол билан ҳал қилинмаслигини таъкидлайди.
«Бунинг учун тўрт босқич босиб ўтилади: ишчи комиссиялар қарори, президентнинг розилиги, сўнгра ҳужжатни Жўқорғи кенгесга юборади ёки қайтадан юборилади, парламент тасдиғи ва президент имзоси.
Ҳозир фақат дастлабки босқичдамиз. Биз ҳамма нарса очиқ ва ошкора бўлишини ва 10-15 йилдан сўнг одамлар биз ҳақимизда ёмон гап айтмасликларини истаймиз
», дейди у.

Март ойи охирида Ўзбекистон билан тузилган шартномага мувофиқ, қуйидаги участкалар Қирғизистонга ўтгани маълум қилинганди:
  • Кўк-Серек - 105 гектар;
  • Ола-Буқа районидаги Бойистон – 212 гектар;
  • Қора-сув районидаги Оқ-Тош – 100 гектар;
  • Қора-Белес - 25 гектар;
  • Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги Гавасой - 8 минг гектар;
  • Ўнғар-Тоғдаги ерлар - 35 гектар.
Ўзбекистон ушбу ҳудудлар эвазига Кампиробод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 гектар майдон ҳам Ўзбекистонга ўтиши, бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган райони чегара ҳудудидан 50 гектар майдонни олиши кўзда тутилган.

Ўшанда Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев томонлар Кампиробод сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришганини айтганди.

Дастлабки келишувга асосан, Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузилиши мумкин.

Қирғизистон ўз фуқароларининг ушбу сув омбори сувидан бепул ва тўсиқсиз фойдаланиши, Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини олишини истаяпти.

Апрел ойи ўрталарида қирғизистонликлар Кампиробод сув омбори атрофидаги 50 гектар ер майдони Ўзбекистонга берилишига қарши чиқишди. Кўп ўтмай Қамчибек Тошиев Ўзбекистонга бу ҳудуддан ер берилмаслигини айтиб чиқди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара бўйича музокаралар юзасидан изоҳ берди