14:33 / 26.05.2021
1 275

Тошкентда МИБ ходими ярим млрд сўмни «еб юборган» экан...

Тошкентда МИБ ходими ярим млрд сўмни «еб юборган» экан...

Йўлини қилганга Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) давлат органи эмас, беқиёс емакхонами, дейсан-да. Почасига чанг теккизмай «соққа қилиш» имкониятини айтинг. Айниқса, молия-хўжалик бўлимида! МИБнинг шу бўлимда ҳалол ишлаётганлардан узрку-я, ихтиёримиздаги суд ҳукми шундай хаёлга бошлаяпти-да.

Мана, қаранг: МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси молия-хўжалик бўлими Депозит ҳисоб варақалари билан ишлаш гуруҳи Бектемир тумани бўйича етакчи мутахассиси икки йил нари-берисида 596.782.195 сўм «ишлаб топибди», гўё... Икки йилда?! Бу ойига салкам 25 миллион сўм «соф даромад» дегани! Шундоғам МИБчиларнинг маоши ўқитуви ёки шифокорникидан анча баланд. Қайд этганимиз эса маошдан ташқари «тушум»!

Қандай қилиб?
Нима кўп – пул ундирувга оид ижро ҳужжатлари. Катта-катта суммаларга оид ижро ишларидан ташқари «майда-майда»сиям сероб. «Катталари»ни қўйинг, «майда»ларида ҳам «барака» бор экан.

МИБ бўлимининг депозит ҳисоб варағига турли суд ижро варақалари асосида кам пул тушмайди. Электрон тўлов топшириқномаларига сохта маълумотлар киритиб, ўша пуллардан киши билмас миқдорда «ушлаб» қолишдан осони йўқдай.

Бунинг учун электрон калит ёрдамида тегишли банк филиалларидаги «E-bank» тизимига уланиб, турли фуқароларнинг номига расмийлаштирилган  «пластик»ка ўша арзимас миқдорни ўтказвориш – кифоя.

Электрон калит эса депозит ҳисоб варақалари билан ишлаш гуруҳи мутахассисининг қўлида.
Қисқаси, аввалига 3 миллиондан ўтказди, кейин 10 миллион, вақт ўтгани сари «ставка» кўтарилиб борилавердики, икки йил деганда «тома-тома кўл бўлди», хуллас: 596.782.195 сўм! Бунча пуллар 47 нафар фуқаро номига расмийлаштирилган банк пластик карталарига ўтказилдики, бундан унинг эгалари бехабар?!

Олмоқнинг бермоғи бўлганидек, емоқнинг қусмоғиям бор. Ўзгаларнинг шу-унча пулини «туя» қилган МИБ ходимининг қилмиши фош бўлди, то етказилган зарарлар қопланмагунча қамоқда ўтирдики, шу боис унинг исми-шарифини очиқлаб ўтирмадик.

Қолаверса, гап шахс исми-шарифида эмас, балки  жиноят қайси органда содир этилганида. Масалага айни шу нуқтаи назардан қаралса, муносиб кадрларни танлаш ва тайинлаш масаласи ҳамон оғриқлигича қолаётгани ойдинлашади. Негаки, МИБда ишлаб, шунақа «осон» пул топиш ортидан жиноий жавобгарликка тортилаётганлар битта эмас-да. Баёнимизга келсак, унда жиноят ишининг бир шахсга тегишли қисми кўнгилчанлик билан қаламга олинди, холос. Кейинги қисми эса алоҳида мавзу...

Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тошкентда МИБ ходими ярим млрд сўмни «еб юборган» экан...