22:10 / 06.06.2021
3 195

EastFruit: Ўзбекистонда гилос нархи кескин пасайиши кутилмоқда


Ўзбекистонда гилос терими мавсуми 7-10 кун ичида якунига етади. Бу йилги мавсум ўтган йилга нисбатан анча баланд нархларда бошланишига қарамай, айни пайтда ушбу меванинг улгуржи нархи 2020 йилнинг мос давридаги нархга тенглашиб қолди.

EastFruit таҳлилчиларининг фикрига кўра, гилос нархи кескин тушиб кетиши мумкин ва бунга бир қанча асосли сабаблар келтирилган.

Ўзбекистонда жорий йил гилос мавсуми ўтган йилгига қараганда тахминан 10 кун кечроқ бошланди. Буни феврал ойининг охири ва март ойининг ўрталарида кузатилган совуқ об-ҳаво билан ҳам изоҳлаш мумкин. Дастлаб мамлакатдаги ички бозорда гилос нархи анча баланд эди, аммо айни пайтдаги вазият гилос нархларига кескин таъсир этиши мумкин.

Гилос етиштирувчи фермерлар ва боғбонлар охирги 5-6 кун ичида гилосга бўлган талабнинг анча «сустлашганини» қайд этишмоқда. Мамлакатдаги йирик гилос етиштирувчи ҳудудлардан бири бўлган Фарғона вилоятида савдогарлар фермерлардан сараланмаган гилослар килограммини 0,5-0,66 доллардан, сараланган маҳсулотнинг килограммини эса 0,95 доллардан харид қилишмоқда. 

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бунга қуйидагилар асосий сабаб бўлмоқда:
Биринчидан, ташқи бозорларда гилосга бўлган талаб пасайиб кетган. Бу ўзбек гилосининг асосий импортчиси Россия бозорида Туркия, Эрон ва Озарбойжон экспортчиларининг фаоллашуви ва гилос етказиб бериш ҳажмининг кўпайиши билан боғлиқ. Ўз навбатида бу ҳолат ички бозорда гилос ҳажмининг кўпайишига ва нархларнинг пасайишига олиб келмоқда.

Иккинчидан, об-ҳаво прогнозларига қараганда, биргина Фарғона вилоятида 4-12 июн кунлари ҳаво ҳароратининг ўртача кўрсаткичи +39 даражани ташкил қилади. Бу эса ўтган йилнинг мос даврида қайд қилинган кўрсаткичдан 9 даража юқори. Бу ҳолат ҳали пишиб етилмаган гилос ҳосилининг тез пишиб етилиши ва унинг терими тезлашишига сабаб бўлади. Табиийки, бу ҳолат гилос бозорида таклифлар ҳажмининг кескин ошишига олиб келади.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, иссиқ об-ҳаво меваларнинг тез бузилишига олиб келади. Ўзбекистонда эса гилосни тез совитишга мўлжалланган ускуналар билан таъминланиш даражаси жуда паст.

Бу омилларнинг бари экпортчилар томонидан гилосга бўлган «суст» талаблар билан бирлашиб, нархга нисбатан босим ўтказади. Экспортёрлар гилосни Ўзбекистон учун асосий савдо бозори бўлмиш Россия бозорига экспорт қилиш учун нархни янада пасайтиришлари керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » EastFruit: Ўзбекистонда гилос нархи кескин пасайиши кутилмоқда