23:20 / 16.06.2021
2 266

Шавкат Мирзиёев: «Яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлган»


Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Ислоҳотлар қачон амалга ошади? Агар ҳар бир йўналишда мутахассислар билимли бўлса, натижа биз кутгандек бўлади. Биз олийгоҳларни кўпайтирдик. Уларнинг сифати қандай деган савол турибди.

Вилоят ҳокимлари ўз ҳудудингиздаги олий таълим муассасаси ҳаёти билан қизиқиб кўрганмисиз? Ёшларга қандай билим бериляпти, яшаш жойи қандай? Қайси тармоқ билан бирлаштириш мумкин таълим муассасасини? Ҳеч қайси вилоят, шаҳар ҳокимини бу савол қийнамаяпти», – дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев нутқи давомида ректорларни «энг катта ислоҳотчи» деб атади.
«Агар олийгоҳда билимли ректор бўлса, бу халқимизнинг бахти. Бу баландпарвоз гап эмас. Ректорнинг дунёқараши вилоят, шаҳар ҳокиминикидан баланд бўлиши керак. Мен ректорни энг катта ислоҳотчи, фидойи, деб биламан.

Агар у ёшларни билимли қилиб тарбиялай олса, бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Лекин ҳамма ректорлар шундайми? Сифат билан шуғулланмаган, ‘талаба учун мен нима бера оламан’ деган саволга жавоби бўлмаган ректорнинг келажаги йўқ», – дейди Президент.

Шунингдек, Президент яқин вақтгача давлат олийгоҳлари монополия бўлганини айтди.
«Олий таълим муассасалари сони 117 тани ташкил қиляпти. Қабул ўрни 66 мингдан 181 мингга, яъни 3 баравар ортган. Аммо бу ерда сифат йўқ. Профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги 3,5 бараварга оширилди. Ўқишга ҳужжат топшираётганлар ҳам 2 баравар кўп. Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлган. Ва бундан фойдаланиб келган.

Сўнгги йилларда соҳага рақобат кириб келди, хусусий ва хорижий олийгоҳлар кўпаймоқда ва бу вазиятни ўзгартиради», – дейди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди.
ОТМлар 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланмаган, ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: «Яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлган»