08:30 / 08.07.2021
5 134

Комил Алламжонов Саида Мирзиёевани Гулнора Каримова билан таққослашларига муносабат билдирди


Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «BBC Ўзбек» нашрига берган интервьюсида Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг баъзи ташаббусларини Гулнора Каримованинг ғоялари ва лойиҳалари билан таққослашларига муносабат билдирди.

«Биз бундай танқидларга жуда кўп дуч келамиз. Энди Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган экан-да. Нима ишга қўл урсак, ўша ишдан Гулнора Каримова ўтиб кетган бўлади, бир из қолдириб кетган бўлади. Гулнора Каримова бу ишларни қилди ёки бу ишни қилган экан, деб янги лойиҳалар пайдо бўлса, ўзимизни тиймаймиз», — дея унинг сўзларини келтирган «Gazeta.uz».
Унинг қўшимча қилишича, Гулнора Каримова ўтмишда қилган хатолар аслида ўзига хос «кўргазма»дир.

«Биз лойиҳаларни шундай хатолик билан қилсак, қандай оқибатларга олиб келишини кўрдик. Бу бизга сабоқ. Лекин жамият учун, одамлар учун бирор фойдали лойиҳалар чиққанда шуни бир вақтлар Гулнора Каримова қилган экан, деб биз ўз йўлимизда тўхтамаймиз», — деб таъкидлаган Комил Алламжонов.

Саида Мирзиёева 2019 йилнинг апрелидан буён Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида директор ўринбосари бўлиб ишлаган. У ерда PR-марказ фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ва бошқарув органларида ошкораликни таъминлаш масалаларини назорат қилиш билан шуғулланди, Президентнинг 5 ташаббуси доирасида лойиҳаларни амалга оширди.

2020 йилнинг 31 январидан буён Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда. Очиқ маълумотларга кўра, Саида Мирзиёева Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия аъзоси бўлиб, аёлларининг ҳуқуқларини кенгайтириш ғояларини илгари суради. У 2020 йилнинг апрель ойида республика миқёсида «Хавфсиз ёрдам» лойиҳасини ишга туширди, унинг доирасида COVID-19 пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, Президентнинг тўнғич қизи Ўзбекистон маданий меросини асраш ишларида фаол қатнашади. Унинг кўмагида 2021 йилда Париждаги Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмани ташкил этиш режалаштирилган. Саида Мирзиёева бошчилигида кўриш қобилиятида нуқсони бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни Брайл алифбосида чоп этилган дарсликлар, бадиий, илмий ва бошқа зарур адабиётлар билан таъминлашга қаратилган «Кўнгил кўзи» лойиҳасининг фаолият доираси кенгайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов Саида Мирзиёевани Гулнора Каримова билан таққослашларига муносабат билдирди