20:48 / 14.07.2021
2 571

«Отанг бозор — онанг бозор» ёхуд онлайн сотувчига қандай қилиб алданиб қолиш мумкинлиги ҳақида


Фото: «Gorodkirov.ru»
Нима бўлди-ю, онлайн дўкондан либос буюртма бергим келиб қолди. Тўғрироғи, вазият шундай бўлди. Ўзим ҳам зап аёлман-да, қоқ жазирама чилласида биринчи фарзандимни туғибман. Бош қизим, ўзимга сирдош қизим деганларидай, баъзи масалалар юзасидан у билан маслаҳатлашиб тураман. Яқин кунларда унинг туғилган куни. Шундай кунларнинг бирида онлайн дўконнинг телеграм каналига кимдир аъзо қилиб қўйди (кимлигини билибманми, алоқада юзлаб талаба қизлару ўзимнинг қариндош-уруғларим бор, барака топишсин). Иш-ўқиш палласида бунақа канал-паналларни писанд қилмайман, шартта ўчириб, СПАМга «тиқаман». Лекин бу сафар вазият бошқача, биринчидан, карантин қоидалари яна кучайди, иккинчидан, аномал иссиқ одамларни салқин уйлари бағрига «қамади». Учинчидан эса бош фарзандим — қизимнинг туғилган куни. Совға олиш керак.

Шундай вазият юзага келганда аёллар учун либослар савдоси билан шуғулланувчи телеграм канал жонимга оро киргандек бўлди. Ҳа, нима, жазирамада юраманми дўконма-дўкон айланиб (деб ўйладим ўзимча). Беш-олтита модель маъқул келиб, қизимга суратини ташладим: «Ойи, нима қиласиз, онлайн дўконга ишонч йўқ, алдаши мумкин», деб жавоб ёзворди (қизим турмушга чиққан, икки маҳалла нарида яшайди). Туғилган кунга ҳали анча вақт бор, суриштириб кўриш керак, дедим яна ўзимча.

Ўша кунларда сартарошхонага бордим, гап-гапга уланиб онлайн дўконлар мавзусига буралди. Биз аёлларни биласиз, жуда қизиқувчанмиз. Дарров аёлларга телеграм канални кўрсатиб, шундан у-бу нарса харид қилмоқчи эдим, ишонса бўладими, сўрадим улардан. Бахтимга аёллардан бири канал эгасини яхши таниркан: ўзим ҳеч нарса олмаганман-у, лекин «админка»ни танийман, ҳижобли аёл, менимча, ишонса бўлади, деди ва дарров менга унинг телефон рақамини берди. Аёл менга «админка»нинг эрини ҳам танишини, у қаерда ишлашини, қайси маҳаллада истиқомат қилишини айтиб, телефон рақамини берганида эринмай ёзиб қўйдим. Маҳалланинг номини ҳам эслаб қолдим. Чунки у маҳаллада қариндошим истиқомат қилади. Кўнглим янаям хотиржам бўлди, тўғри-да, пулни «кўчадан супуриб» олаётганим йўқ, кўпчилик қатори пешона терим билан топаман.

Ўша куни кечқурун «админка»га қўнғироқ қилдим, у роса ҳайрон бўлди, рақамимни кимдан олдингиз деб. Гапни қисқароқ қилиш учун сизни танийман, деб қўя қолдим. Дўкон қаерда жойлашганини сўраганимда у, биз фақат онлайн савдо қиламиз, деб жавоб берди. «Админка» менга, буюртмани бир кун аввал берасиз, элтувчи товарни олиб борганидан кейин нақд ҳисоб-китоб қиласиз, деди. Менга маъқул бўлди.

Ўзимча чамалаб қизим ёқтириши мумкин бўлган фасондаги либосларни танладим-да, «админка» «личка»сига юбордим. Бир кундан кейин буюртмам етиб келишини билгач, хотиржам бўлдим. Чунки туғилган кунгача улгурдим. Ҳар эҳтимолга қарши қизим уйга келадиган кунни мўлжаллаганим ҳам яхши бўлди, кийиб кўради (кейин ўйласам, бундан нима наф, элтувчи буюртмани ташлайди-ю, кетаркан). Чунки «админка»нинг айтишича, ўлчамда янглишиш ҳолатлари бўлмаган, либос лойиқ келади. Яна ишончлироқ бўлиши учун кўкрак айланаси ўлчамини юбордим. «Админка»га қўнғироқ қилиб, ҳар эҳтимолга қарши буюртма қилган либослардан бир-иккита олиб келишларини, кийиб кўриб, лойиғини олишимизни айтдим. «Админка»: элтувчининг вақти зиқ, буюртмаларимиз кўп, сиз либосларни кийиб кўргунингизча кутиб туролмайди, мен размер танлашда адашмайман, хавотир олманг, кийим лоп-лойиқ келади, деб эътирозим ўринсиз эканлигига ишонтирди. Кўнглим жойига тушгандай бўлди.

Бу орада каналда бериб борилаётган янгидан-янги либослар, хабарлар билан танишиб туришни ҳам унутмадим. «Қизларжонлаааар... янги моделлар келди», «Фалончи-писмадончи, форворд хабар тарқатманг!» (бунақа огоҳлантиришни канал «қоровули» бериб туради), «Элтувчи кетди, телефонларингиз ёнингизда бўлсин» каби хабарларни ўқиб, вой-бўй намунча буюртмаси кўп экан буларни, деб ўйладим. Яна ўзимча, омадим бор экан, буюртмам бир кундаёқ етиб келаркан, деб хурсанд бўлиб қўяман. Эътибор бермабманки, бирорта ҳам харидор олган буюми учун ташаккур билдирган хабар йўқ.

Айтилган муддатда қизим меҳмонга келган куни элтувчи ҳам буюртмамни олиб келди. Қўнғироқ қилганида мен банд эдим. Келишилган пулни қизимга бериб, буюртмани қабул қилиб олиш учун жўнатдим (ўзим онлайн вебинарда эдим-да, кулгили ҳолат, тўғрими?). Қизимнинг айтишича, «Кобальт» русумли оқ машинада келган соқолли киши буюртмани бериб, пулни санаб олгач, машинага ўтирибди-ю, кетибди. Бошқа буюртмаларни тарқатиб бўлганми ё умуман ўзи биздан бошқа буюртмаси йўқми, қизим машинада фақат бизга аталган пакетдан бошқа ҳеч нарса йўқлигига эътибор берганини билдирди. Ҳа, буюртмадан ташқари «доставка» ҳақини ҳам ўзим тўладим.

Шундай қилиб, учта либосни бирин-кетин очдик. Биринчиси яхши, лоп-лойиқ, бичими ҳам расмдагидек, ранги ҳам ўша. Иккинчи либосни очдим. Не кўз билан кўрайки, хавотирим бежиз эмас экан. Ўлчами жуда катта, ҳатто ўзимга ҳам катта бир кўйлак «мана мен» деб турибди-да. Бунинг устига тугмалари пала-партиш елим билан ёпиштириб ташланган (!), тикилган эмас. Фасони ҳам тушунарсиз бир матоҳ бўлиб чиқди. Хафсалам пир бўлиб, учинчи либосни кўра бошладим. Унисининг ранги ҳам, фасони ҳам бутунлай бошқача, ҳатто йиртиқ жойлари ҳам бор экан.

Мана энди, жаҳлим чиқа бошлади. Дарров «админка»га қўнғироқ қилдим. Эътирозларимни айтдим. У бўлса, сиз либосни нотўғри кийган бўлсангиз керак, мен размерда адашмаганман, деди. Битта либосни олиб қоламан, манави иккита тушунарсиз матоҳларни қайтараман, элтувчингиз келадими, ё ўзим уйингизга борайми, дедим (ахир маҳалласини биламан-да). «Админка» йўқ, биз сотилган маҳсулотни қайтариб олмаймиз деса бўладими?! Шу ерда алоқа узилди. Қайта қўнғироқ қилсам, олмади.

Каналга бошқаларни фирибгарликдан огоҳ этиш учун, ҳурматли «админка» юборган либосларингизнинг иккитаси сифатсиз чиқди, деб ёздим. Лекин махсус дастурда канал аъзолари ёзган хабарлар аввал «қоровул» ва «админка»нинг кўрувидан ўтадиган, ёзган одамнинг ўзидан бошқа ҳеч кимга кўринмайдиган қилиб қўйилган экан. «Админка» ўша заҳотиёқ «личка»мга ёза бошлади. Қарасам, каналда мени «удалить» қилибди. Шахсий ёзишмаларда тортишувимиз давом этди. Мен унга сифатсиз маҳсулотни сотиб олиш ниятим йўқлигини билдириш билан оввораман, у эса менга қаёқдаги қоидаларини «тушунтириш» билан оввора. Нимамиш, онлайн дўкондан харид қилишни билмасмишман, қўлимдан келмаса, каналга кирмаслигим керакмиш.

Ие, бу қанақаси бўлди?! Демак, кўпчиликни шу тақлид «куйдириб» юрганлардан экан-да, бу «админка». Канал профилига қоидаларни ёзиб қўйишибди уларнинг орасида «сотилган маҳсулот қайтариб олинмайди» деган шарт ҳам бор экан, афсуски, кейин кўзим тушди бу ёзувларга. Ҳа, «админка» НИКингизни «обманка» деб қўйишни унутманг, деворгим келди аламдан. Ёзишмаларини ўқиб «админка»ни бунақа жанжаллардан кўп маротаба силлиққина чиқиб кетган жувонга ўхшатдим. Ҳар эҳтимолга қарши ёзишмаларимизни скриншот қилдим. Хуллас, биз келишолмадик!

Қайдасан, «админка»
Айни дамда мени ташвишга солаётган нарса жамият турмушига кириб келаётган янги формат — онлайн ҳаёт тарзи. Виртуал фирибгарларнинг кўпайиб бориши ҳалол меҳнат қилиб даромад кўраётган одамлар мулкига, маблағига рахна солади. Бу каби фириблар қанчадан-қанча одамни чув тушириши ташвишли. Бундан ҳам ёмон тарафи шундаки, яқин келажакда онлайн ҳаёт тарзи – таълим олишдан тортиб иш фаолиятимизгача, маиший тўловлару банк хизматлари виртуал фаолият юритиши зарурат бўлиб қолмоқда. Чунки вазият шуни тақозо этяпти. Ҳақиқий турмушимизда жамоатчилик назоратини кучайтирганимиз каби виртуал ҳаётда ҳам назоратни сусайтирмаслигимиз зарур. Арзимаган 200 минг сўм учун бошимни оғритаманми, деб қўлни ювиб қўлтиққа уришим мумкин эди. Озгина маошидан орттириб, мисқоллаб йиққан пулига чув тушган ўзим каби содда аёлларни тасаввур қилдим. Йўқ, буни шундайлигича қолдириб бўлмайди!

Эртасига кечгача элтувчини кутдим. Келмади (халиям одамларга ишончим бор-да). «Админка»га ёздим: ваъда бергандингиз, элтувчингиз келмади, эртага уйингизга бораман (қўнғироқ қилсам кўтармади). Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Менимча, у топса топди, тополмаса, ўзидан кўрсин, дедими. Маҳалла қўмитасига бордим. Ёшгина, чиройликкина қизча маҳалла раисининг ободонлаштириш бўйича ўринбосари экан. Унга бўлган воқеани айтдим. Бахтимга идора ходимаси «админка»ни танир экан. Боз устига, унинг ҳам телеграмида ўша онлайн дўкон бор экан.

Яқинда бола пули сўраб маҳаллага ариза билан чиққан эди, деб қолди. Баҳонада «админка»нинг ҳақиқий исм-фамилиясини билиб олдим. Уй манзилини ёзиб берди. Маҳалла идорасидан унчалик узоқ бўлмаган масофада жойлашган уйга бордим. Айтилган манзил бўйича эшикни тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Бироз тургач, қўшни эшикни тақиллатдим. Бир аёл эшикни очди, ундан шу ерда Н... яшашлигини, манзилини маҳалла идорасидан олганимни айтдим.

Аёл ҳайрон бўлиб, бу манзилда Н... исмли аёл турмайди, деди. Мен эринмасдан яна маҳалла идорасига бордим. Маҳалла идорасига ўзи яшамайдиган манзилдан аризалар тез-тез тушиб турадими дейман, ходима ҳатто ҳайрон ҳам бўлмади, фақат тушунарли дегандай бўлиб, менга қандай ёрдам беришини ўйлаб бош қотираётган бир пайтда, Н...нинг турмуш ўртоғини телефон рақами менда борлиги ёдимга тушди.

Шу жойда мен ҳам «тактика» қўлладим — турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдирдим. Машинада мени сабрсизлик билан кутиб ўтирган турмуш ўртоғимнинг жаҳли етарлича чиқиб бўлган ва бу гулдираган овозидан маълум эди. Важоҳат ҳам «зап» ўрнига тушди-да. Икки эркак дарров гапни тугатишди. Бошқа манзилда турар экан. Қайдасан «ўша манзил» деб йўлга тушдик. Маҳалла идорасининг ходимаси ўзи учун ҳам ҳужжатга ўша манзилни белгилаб қўйди.

Кўп қаватли уйларнинг бири олдида машинани тўхтатиб, турмуш ўртоғимнинг ғазабли қарашларидан ўзимни пана қилиб турган пайт йўлакларнинг бирида қорачадан келган, пакана бўйли, соч-соқоли ўсиб кетган 35 ёшлардаги бир йигит кўринди. Машинадан тушиб, унга пешвоз бордик. Эримнинг важоҳатини кўриб, йигитнинг пакана бўйи янаям пастлашгандай бўлиб кетди кўзимга. Қўлимдаги пакетни олиб, менга пулни узатди. Йигит тўнғиллаб: «Шу пайтгача ҳеч кимдан бунақа эътироз эшитмагандик, ўзингиз кўйлакни нотўғри кийгандирсиз-да», деса бўладими?!

Мен ҳам бўш келмадим: «Кеча туғилмаганман, кўйлакни қандай кийишни яхши биламан, мана — пакетдан либосларнинг бирини олиб, очдим, бўйимга бўйлаб, — размерини қаранг, ҳатто менгаям катта, ана қўшни аёллар ўтиришибди, чақирайми, шуни размери 44 эмаслигига далил керак бўлса», дедим. «Бунинг устига, қаранг сифатсизлигини, иккинчисиниям очиб кўрсатайми, йиртиқ жойларини кўриб ишонасизми?» дедим куйманиб. Йигит бир менга, бир важоҳат билан турган турмуш ўртоғимга зимдан назар ташлаб олди-да, шошилганча чекинди ва узр ўрнига: «Келинойи, бундан кейин онлайн дўкондан нарса олманг-да», деди. Бу нима дегани, биз барибир одамларни алдайверамиз, деганими?!

Хулоса шуки, ота-бобомиздан қолган нақл бор «Отанг бозор, онанг бозор» ўзимизнинг реал «Чорсу» ва «Ипподром»дан қўймасин, азизлар. Танлаб-танлаб, кийиб кўриб, савдолашиб олганга нима етсин-а? Харид зарурми, қўлингизга сумкачангизни олиб, юз ниқобингизни тақиб, антисептиклардан сепиб олинг-да, қайдасан бозор дея йўлга отланинг. Иложи бўлмаса-ю, онлайн дўкондан бошқа чора қолмаса, маслаҳатим — «админка»ни телефон рақами, уй манзили, дўкони қаердалигини билиб (агар дўкони бўлмаса, бу фирибгар), иложи бўлса паспорт маълумотларини қўлга киритиб, кейин савдони «пиширинг».

Муҳайё Саидова, журналист
Манба: Xabar.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Отанг бозор — онанг бозор» ёхуд онлайн сотувчига қандай қилиб алданиб қолиш мумкинлиги ҳақида