23:27 / 23.07.2021
3 234

ССВ: Антибиотиклар коронавирусни даволамайди


Бугун аҳоли орасида коронавирусдан даволаниш ёки профилактика мақсадида антибиотик қабул қилиш ҳоллари учраб турибди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимовадан бу борада изоҳ сўради.


«Энг аввал айтиш керак бўлган гап шу: антибиотиклар коронавирусни даволамайди. Чунки антибиотик — бактерияларга қарши восита, вирусга таъсир этмагани етмаганидек, унинг тарқалишига шароит яратиб беради.

Антибиотикларни рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш организмда чиндан ҳам антибиотикка зарурат туғилганда у таъсир қилмай қолишига олиб келади. Бунинг сабаби организмда антибиотикка нисбатан чидамлилик пайдо бўлган бўлади.

ЖССТ томонидан антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мультичидамлилик атамалари қўлланади. Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мультичидамлиликда беморга ҳеч қандай антибиотик таъсир қилмай қолади. Бунинг оқибатлари жуда ёмон.

Коронавирус дастлаб тарқала бошлаган пайтда одамлар уни шамоллаш деб ўйлаб, антибиотикларни шифокор ретцептисиз ҳам қабул қила бошлашди. Коронавирусга чалинганда антибиотик истеъмол қилинса, касалликка таъсир қилмайди. Чунки унинг сабабчиси бактерия эмас, вирус бўлади. Беморнинг аҳволи оғирлашиб, иммунитет кучсизланади.

Агар бемор шундай шароитда инъекцион ва инфузион воситалар билан уйда муолажа олса, оқибати ўлим билан якунланиш хавфи бор.
Яна бир гап. Антибиотиклардан палапартиш фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир этади. 
Жумладан, инсонда жигар ва буйрак етишмовчилиги бўлса, ушбу воситадан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ўлим ҳолатигача олиб бориши мумкин. Энг ёмон таъсири эса анафилактик шок, яъни аллергик реакция бўлиб, бемор қисқа муддат ичида вафот этади. 

Шу боис, антибиотикларни фақат ва фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим. Акс ҳолда касалликдан даволанаман, деб ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига жиддий зарар етказиб қўйишингиз мумкин», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова.

ССВнинг қайд этишича, ҳозирда антибиотикларни нотўғри қўллаш натижасида дунёда йилига 700 минг киши вафот этади. Бу коронавирусдан вафот этаётганлардан кам кўрсаткич эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, антибиотиклардан фойдаланиш тартибга олинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ССВ: Антибиотиклар коронавирусни даволамайди